“The National Interest”: Эрон билан уруш Марказий Осиё савдо харитасини ўзгартирмоқда
Эрон атрофидаги ҳарбий можаро савдо йўллари географиясини кескин ўзгартирмаса-да, турли минтақалар мамлакатлари олдига ишонч мезонини қайта баҳолаш талабини қўймоқда. Бу тахмин “The National Interest” эълон қилган мақолада келтирилган.
Муаллиф ёзишича, авваллари транспорт йўлагини танлашда нарх ва етказиб бериш тезлиги асосий мезон эди, энди эса сиёсий барқарорлик муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳарбий хавф, санкция ёки чегара ёпилиши эҳтимоли ҳукуматларни муқобил савдо йўлларини излашга ундамоқда. Бундай ўзгаришлар айниқса Марказий Осиёда сезиляпти. Минтақа давлатлари бир вақтнинг ўзида бир неча йўналишни Эрон, Каспий денгизи, Хитой, Афғонистон ва Покистон орқали ривожлантиришда давом этяпти. Бошқача айтганда, ҳукуматлар бир йўналишга қарамликдан қочишга ҳаракат қилиб, тобора кўпроқ энг тезкор йўлакка эмас, балки инқироз пайтида ҳам савдони сақлаб қолиш қобилиятига сармоя киритмоқда.

Барибир, Эрон Форс кўрфази, Кавказ, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида жойлашгани боис, муҳим географик устунликни сақлаб қолмоқда. Бинобарин, нашр таъкидлаганидек, томонлар энди янги санкция, ҳарбий куч, суғурта ва логистика соҳасидаги узилиш хавфини ҳисобга олишга мажбур. Бу ҳолатга мисол тариқасида муаллиф Қозоғистонни келтирган. Ёки Россия ҳам экспорт йўлида узилиш кузатилгач, Германия, Хитой ва Боку – Тбилиси – Жейҳан қувури орқали олдиндан диверсификация қилинган экспорт тизими туфайли нефть таъминотини сақлаб қолишга муваффақ бўлди.

Нашр хулоса қилишича, можаронинг асосий натижаси минтақавий савдога ёндашув ўзгаришидир. Мамлакатлар ягона мувофиқ йўналишни излаш ўрнига, геосиёсий беқарорлик шароитида ҳам ишлашга қодир, бир-бирини тўлдирувчи йўлаклар тармоғини яратишга интилмоқда. Айни ёндашув стратегик мослашувчанликни иқтисодий самарадорликдан кам бўлмаган даражада муҳим даражага кўтаради.
С.Раҳимов, ЎзА