Тез тиббий ёрдамда янги тизим
Фарғона тез тиббий ёрдам янги тизимда ишлай бошлади. Яъни, вилоятдаги барча шаҳар-туман тез тиббий ёрдам бўлимлари бирлашиб, ҳудудлар марказдан узоқлигига қараб бешта кенгликка бўлинди. Энди чақирувга, маъмурий ҳудудий мансублигига қараб эмас, балки қайси кенгликда жойлашганига қараб энг яқин бўлинма томонидан хизмат кўрсатилади.
–Бунинг учун ягона қўнғироқларни қабул қилиш ва тиббий ёрдам гуруҳи қўлида планшетлар бор. Мурожаатчидан сўров қабул қилингач 1-2 дақиқада гуруҳга етиб боради, гуруҳ эса манзилга 10 дақиқагача етиб бормоқда. Бу ютуқ, албатта, – дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази Фарғона филиали директори ўринбосари Азамат Абдурахмонов.
“Call” маркази бир минутда 60 тагача қўнғироқ қабул қилиш имкониятига эга. Энди маъмурият ҳудудга боғлиқликнинг бекор қилиниши натижасида транспорт ҳаражати ва сарфланадиган вақт тежалмоқда.

Умуман олганда тизимдаги ислоҳотлар туфайли тез тиббий ёрдам чақириқлари камайиб бормоқда. Ҳолбуки Фарғона вилояти чақириқлар сони борасида ҳам мамлакатда “етакчи” эди. Сурункали касаллик билан оғриган беморларни оилавий поликлиникаларга бириктириш, унинг шифокорлари томонидан мунтазам назорат ташкил этиш натижасида ўтган йилнинг 6 ойига нисбатан бу йил 6 ойда тез ёрдам чақируви 22 мингтага камайди.
Яна бир жиҳат, янги марказ ўз фаолиятининг сифатини янада яхшилади. Илгари битта хизмат турига учта идора раҳбар эди. Яъни, тизим автомашиналарига вилоят, тиббиёт ходимларига шаҳар-туман соғлиқни сақлаш бўлимлари, дори дармонга эса республика тез тиббий ёрдам маркази масъул эди.

–Ҳозир эса дори дармон ҳам ўзимизда, автомашина, ёқилғи, тиббий жиҳозлар ўзимизда, – дейди Азамат Абдураҳмонов. – Damas Volkswagen Caddy, Hyundai автомашиналарига алмаштирилиши, тоғли ҳудудлар учун йўл танламас автомобиллар олиб келиш режалаштирилмоқда.
Тез тиббий ёрдам ходимлари меҳнатини баҳолаш ва рағбатлантиришнинг инновацион тизими ҳам қўллана бошлади. Энди соҳанинг ҳар бир ходими фаолияти белгиланган меъёрлар асосида даражалаб борилади. Иш ҳақи ҳам кўрсатган натижасига боғлиқ.
Хуллас, бугундан Фарғонада аҳоли тез тиббий ёрдам тизими самарасини ҳис қила бошлайди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/tQajxle9DHo?si=S18Kj2ZuwXjy63LW" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов
Тасвичи: Элёр Олимов