ФОТОРЕПОРТАЖ
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округда энг масъулиятли тадбирлардан бири – қурол-яроғ ва ҳарбий техникаларни ёзги мавсумда фойдаланиш режимига ўтказишдан олдин кўргазмали машғулот ташкил этилди.
Шу муносабат билан “Термиз” умумқўшин дала полигонида ўтган тадбирда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги қўмондонлик масъул офицерлари ҳамда Термиз, Какайди ва Хайробод гарнизонларида жойлашган ҳарбий қисм ва муассасалар техник таъминот офицер ва сержантлари иштирок этди.
[gallery-22743]
Тадбирда ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларнинг жанговар шайлигини таъминлаш, уларни соз ҳолатда сақлашда кўрсатилаётган техник хизматларнинг аҳамияти таъкидланди. Ҳар бир командир, ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига бириктирилган қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг соз ва шайлиги учун масъул эканлиги эслатилди. Жанговар машина, танк, зирҳли транспортёр, зенит-артиллерия қурилмалари, махсус техника, қурол-яроғ ва бошқа техникаларни ёзги шароитда фойдаланиш режимига ўтказиш ишларининг моҳияти, техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш, ташкил этилган постларда самарали ва сифатли иш олиб бориш, қурол-яроғ ва техникани об-ҳавонинг ҳарорати юқори шароитларда ишлатиш қоидалари, жароҳатланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича мутахассислар томонидан йўриқномалар берилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинларида қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни мавсумий фойдаланиш режимларига ўтказиш йилига икки маротаба – баҳор ва кузда ташкил этилади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА