Техник кўрик хавфсизлик кафолати
Газ жиҳозларининг соз ҳолатда бўлиши истеъмолчи учун хавфсиз ва қулай ҳисобланади. Бу эса ўз навбатида ҳар бир фуқаро хонадонидаги газ ускуналарининг техник кўрикдан ўтказиб туриши лозимлигини тақозо этади.
Ҳозирда “Навоийшаҳаргаз” газ таъминоти бўлими уй ичи газ жиҳозларига сервис хизмат кўрсатиш бўлими ходимлари томонидан газ жиҳозлари техник ва профилактик кўрикдан ўтказилмоқда. Навоий шаҳрида бугунги кунда 50 минг 111 та табиий газ истеъмолчиси бор. Уларнинг 10,5 мингтаси ҳовли хонадонларига тўғри келса, 39 минг 611 таси кўп қаватли уйларда яшовчи истеъмолчилардир. Айни пайтда газ таъминоти бўлимининг 20 нафар чилангари томонидан аҳоли ҳамда улгуржи истеъмолчилар газ жиҳозлари техник кўрикдан ўтказилмоқда. Биргина февраль ойида 6 минг 335 та газ жиҳозлари техник ва профилактик кўрикдан ўтказилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, газ жиҳозлари йилига бир марта техник, 3 марта профилактик кўрикдан ўтказилиши лозим. Шаҳарнинг “Янги ариқ” маҳалла фуқаролар йиғинида 810 нафар табиий газ истеъмолчиси истиқомат қилади. Жорий йилнинг ўтган икки ойи мобайнида хонадонлардаги 548 та газ жиҳозларига сервис хизмат кўрсатилди.

– Хонадонларга ўрнатилган газ жиҳоз ва ускуналаридан фойдаланиш истеъмолчилардан доимий диққат-эътиборни талаб қилади, – дейди маҳаллада истиқомат қилувчи истеъмолчилардан бири Шариф Маҳмудов. – Албатта, носоз ва техник кўрикдан ўтказилмаган газ ускуналаридан фойдаланиш яшаб турган хонадон ҳамда уйларни, шунингдек, оила аъзоларимиз, яқинларимизнинг ҳаётини хавф остига қўйиш дегани. Техник кўрик бу хавфсизлигимиз кафолати. Шунинг учун доимий равишда мавжуд газ жиҳоз ва ускуналарни техник кўрикдан ўтказишга эътибор қаратаман.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорида табиий газдан фойдаланиш қоидалари келтириб ўтилган. Унинг 13-боб “к” бандида газдан фойдаланиш ускуналарини истеъмолчиларнинг ёзма ёки электрон буюртмалари асосида газ таъминоти ташкилоти томонидан тасдиқланган тарифлар бўйича таъмирлаш муддатлари баён қилинган. Яъни хизмат кўрсатиш муддати ҳолатнинг хавфлилик даражасига қараб белгиланади. Агар истеъмолчи хонадонида табиий газ сизиб чиқиш ҳолати кузатилса, соҳа ходими дарҳол бориб хизмат кўрсатиши шарт. Қолган ҳолатларда эса хизмат муддатлари 2 кундан 5 кунга қадар этиб белгиланган.
– Сервис хизматлари шаҳар, туман газ таъминоти бўлимларида ҳам мавжуд, – дейди “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали матбуот котиби Зулфия Бобоева. – Техник ва профилактик кўрикда шаффофликни таъминлаш мақсадида чилангарларимиз томонидан кўрсатиладиган хизматлар ҳақидаги маълумотлар “HGT Servis” дастурига киритилиши йўлга қўйилган. Ушбу дастурга кўрсатилган хизмат киритилгач, хизмат ҳақи автоматик ҳисоб-китоб қилинади. Бу истеъмолчиларга ҳам маъқул бўлмоқда.

– Техник ва профилактик кўриклар давомида аҳолига газдан хавфсиз фойдаланиш қоидалари ҳам тушунтириб ўтилмоқда, – дейди “Навоийшаҳаргаз” газ таъминоти бўлими уй ичи газ жиҳозларига сервис хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Соҳиб Аслонов. – Чилангарларимиз томонидан техник ва профилактик кўрик давомида хонадон эгаларига эслатма ҳамда огоҳлантириш хатлари топшириляпти. Бундан ташқари, сервис хизмати кўрсатганлик учун электрон тўлов дастури жорий этилган. Бу ишончли ҳамда қулайлиги билан фуқароларга манзур бўлмоқда.
Вилоятнинг барча ҳудудларида туман ва шаҳарлар газ таъминоти филиали бўлимлари томонидан истеъмолчиларга сервис хизматлари кўрсатиш давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА