Сирдарё вилояти Ховос туманидаги “RS SUCCESS AGRO” биотехнология индустриал агрокомплексига қарашли далаларда илк маротаба 3,5 метр баландликдаги техник каноп ҳосили етиштирилди. Бу инновацион ёндашувдан фойдаланган ҳолда кучини йўқотган, шўрланган ерларда эришилган энг юқори натижадир.
Агротехнологияда инновацион ёндашувдан фойдаланган ҳолда атиги тўрт йил ичида Республикада азалий канопчилик анъаналари муваффақиятли тикланди. Шунингдек, мазкур агрокомпания қишлоқ хўжалигининг инновацион мўъжизасини амалга ошириш имконини берувчи ноёб интеллектуал технологиялар ва энг замонавий ускуналарнинг тўлиқ тўпламига эга. Лойиҳа эндигина бошланган 2019 йилда Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятида бундай натижалар имконсиз бўлиб туюлар эди. Бугунги кунда эса қишлоқ хўжалиги мутахассислари буни мўъжиза деб аташмоқда.
– 2023 йилда техник канопдан рекорд даражадаги ҳосил олиш Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантириш тарихида мутлақо янги саҳифанинг бошланиши ҳисобланади, – дейди “RS SUCCESS Agro” компанияси бош директори Робия Ибрагимова. – Бу натижа бизнинг агрокомплексимиз билан ҳамкорлик қиладиган европалик селекционерларда ҳам катта таассурот қолдирди. Бунинг ортида юзлаб мутахассислар, новаторларнинг машаққатли меҳнати, ноёб муаллифлик ишланмалари бор.
Компания зарарли кимёвий моддалар ва ўғитлардан фойдаланмасдан мўл ҳосил олиш учун узунлиги 12 минг километр бўлган инновацион ер ости томчилатиб суғориш тизимини жорий этди. Бу ҳар бир сув томчисини ўсимликнинг илдизига қатъий равишда тарқатиш имконини беради. Экинлар ҳолатини онлайн назорат қилиш учун минглаб ўрнатилган датчикларни бирлаштирган технология зарур чораларни ўз вақтида кўриш имконини беради.
Агрокомплекс барқарор ва самарали ҳосилдорликни ва мамлакатда қишлоқ хўжалигининг янада равнақ топишини таъминлаш учун қишлоқ хўжалиги кўрсаткичларини янада яхшилашга интилиб, ўз инновацияларини давом эттириш ниятида.
Умид Зуннунов,
“RS SUCCESS Agro” матбуот хизмати раҳбари,
ЎзА