Термизда қўмондон кубоги ўтказилмоқда
Мудофаа вазирлигининг Термиз гарнизонидаги ҳарбий қисмда маҳаллалардаги ёшлар иштирокида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони кубоги учун спорт мусобақалари бўлиб ўтди.
Унда Термиз шаҳридаги олтита маҳалла ёшлари иштирок этиб, спортнинг ҳарбий эстафета, мини футбол, стол тенниси ва тош кўтариш турлари бўйича ўзаро беллашди.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда спортнинг оммавийлигини таъминлаб, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маҳаллаларда ёшларнинг спортга бўлган қизиқишини янада ошириш учун турли спорт мусобақалари ташкил этилиб, ғолиблар муносиб рағбатлантирилаётир. Мазкур беллашув ҳам ана шундай мақсадларга йўналтирилгани билан қизғин баҳсларга бой бўлди.

– Мусобақа биз, ёшлар учун ҳар тарафлама фойдали бўлди, – дейди Термиз шаҳридаги Боғишамол маҳалласида яшайдиган Бекзод Ўринов. – Шу пайтгача ҳарбийларга яратилган шарт-шароитларни фақат телевизор орқали кўрар эдим. Мусобақа баҳонасида тенгдошларим билан ҳарбий қисмга келиб, бу ердаги барча қулайликларга эга спорт мажмуасида ўзаро куч синашдик. Гапнинг рости ҳарбий акаларимизга яратилган шароитларга ҳавасим келди. Бу мусобақа менинг келгуси ҳаёт йўлимни ҳам белгилаб берди. Ҳарбий қисм командири ўринбосаридан тегишли маълумот, маслаҳат ва тавсияларни олгач, келажакда ўз ҳаётимни шу соҳага бағишлашга аҳд қилдим.

Мусобақа якунида Боғишамол маҳалласи ёшлари фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин Алишер Навоий номли маҳалла ёшларига насиб этди. Байналминал маҳалласи жамоаси учинчи ўринни эгаллади. Ғолибларни Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Зайнобиддин Иминов қимматбаҳо совға ва медаллар билан тақдирлади.

Маҳалла ёшлари ўртасида ўтказилаётган бу мусобақа Жанубий оператив қўмондонлиги тасарруфидаги бошқа ҳарбий қисмларда ҳам ташкил этилади.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА