Термизда “Беш ташаббус паралимпиадаси” вилоят босқичи
Термиз шаҳридаги “Сурхон” спорт мажмуасида “Беш ташаббус паралимпиадаси” спорт мусобақасининг Сурхондарё вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, вилоят спорт бошқармаси ва Миллий паралимпия қўмитаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада беллашувнинг туман, шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 100 нафар ногиронлиги бўлган ўғил - қиз иштирок этди.
Қизғин баҳсларга бой бўлган мусобақа иштирокчилари спортнинг парашашка, парашахмат, парастол тенниси, параенгил атлетика, парабадминтон каби турлари бўйича ўзаро беллашди.

– Мусобақада парастол тенниси бўйича қатнашдим, – дейди ангорлик туманилик Ҳасан Қодиров. – Ушбу спорт турига болалигимдан қизиқишим кучлилиги сабабли беллашувга алоҳида ҳозирлик кўрдим. Баҳслар жуда шиддатли кечди. Қилган ҳаракатларим, машқларим, ниятларим ўз самарасини берди. Уддаласа бўлар экан, ғолиблар сафидан жой олдим. Эндиликда парастол тенниси билан доимий шуғулланиб, нуфузли жаҳон чемпионатларида қатнашиш ва юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.


“Беш ташаббус паралимпиадаси” спорт мусобақалари 16-30 ёшгача ногиронлиги бўлган ўғил - қизлар ўртасида уч босқичда ташкил этилади. Шунга мувофиқ, туманлар ва Термиз шаҳрида дастлабки босқич “Очиқ эшиклар” куни сифатида ўтказилиб, унда 500 дан ортиқ ёш фаол иштирок этди. Мазкур беллашувларда совринли ўринларни эгаллаган параспортчилар мусобақанинг иккинчи, яъни вилоят босқичида ўз куч ва маҳоратини синовдан ўтказди.


– Мусобақа 16-30 ёшгача ногиронлиги бўлган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, улар орасидан иқтидорли ҳамда туғма истеъдоди бор ногиронлиги бўлган ёшларни саралаб, тизимли ишлашни йўлга қўйиш мақсадида ўтказилмоқда, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Муҳиддин Тоғаев. – Биз кутгандан ҳам қизиқарли, муросасиз беллашувлар энг маҳоратли, чаққон ва кучли параспортчиларимизни саралаб берди. Ногиронлиги бўлган ёшлар ўртасида ҳам параспорт турлари билан мунтазам шуғулланиш истаги бўлган ўғил-қизлар кўплигини кўрсатди.
Мусобақа якунида ғолиблар диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири