Термиз шаҳрида фотокўргазма очилди
Термиз шаҳридаги Термиз давлат музей-қўриқхонасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фотомухбири, таниқли фоторассом Муҳаммад АМИН (Алимурод Мамадаминов)нинг мустақиллигимизнинг 33 йиллигига бағишлаб “Қонимдасан, спорт!” номли шахсий фотокўргазмаси очилди.
Кўргазма Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Сурхондарё вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Тошкент Фотосуратлар уйи, вилоят спорт бошқармаси ва Термиз давлат музей-қўриқхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Маълумки, жорий йилнинг 18 май куни таниқли ижодкорнинг Жарқўрғон туманидаги ўзи таълим олган 32-мактабда фотокўргазма ташкил этгани ҳақида хабар берган эдик. У фотосанъат мухлисларида катта қизиқиш уйғотди. Музей-қўриқхонага қўйилган суратлар ҳам кўргазма ўз ишини бошлаган илк кундан томошабинлар билан гавжум бўлди.
Мактабдаги кўргазманинг давоми сифатида ташкил этилган Термиздаги кўргазманинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.Кўчимов, вилоят ҳокими ўринбосари Ж.Тўраев, Термиз давлат музей-қўриқхонаси директори Б. Зулфиқоров ва бошқалар мамлакатимизда кейинги йилларда барча соҳалар қатори туризмни ривожлантириш, музейлар ва спортни қўллаб-қувватлаш, ижодкорларга қаратилаётган юксак эьтибор ҳақида сўз юритди.
Музейларда ташкил этилаётган ранг-баранг кўргазмалар, бошқа маънавий-маърифий тадбирлар нафақат маҳаллий, балки хорижлик сайёҳларнинг ҳам юртимиз билан янада яқиндан танишишига хизмат қилаётгани таъкидланди.
Алимурод Мамадаминовнинг иккинчи шахсий фотокўргазмаси музейга келадиган томошабинларни мамлакатимиз спортчиларининг мустақиллик йиллари жаҳон, халқаро мусобақалар ва Олимпиа ўйинларида эришаётган ютуқлари билан яқиндан таништиришда муҳим аҳамият касб этади. Ёш авлоднинг спортга қизиқиш ва интилишини янада кучайтиради.
[gallery-17594]
– Музейимизда турли мавзуга оид маънавий-маърифий тадбирлар,кўргазмалар тез-тез ўтказиб турилади,–дейди музей-қўриқхона назоратчиси Гулшода Фозилова.–Яқинда сурхондарёлик машҳур рассом Рўзи Чориев кўргазмаси ҳам ташкил этилган эди. Кўпчилик катта қизиқиш билан томоша қилди.Лекин шу пайтгача фотоижодкор ўз суратлари кўргазмасини ўтказганини эслолмайман.Бу кўргазмада дунёга донғи кетган спортчиларимиз ғалаба завқини тотаётган ҳолатлар акс эттирилгани биз учун ҳам, музейимиз томошабинлари учун ҳам катта янгилик бўлди. Бунинг учун кўргазма ташаббускорларидан миннатдормиз.
Фотокўргазмада мамлакатимизнинг машҳур спортчилари ҳаётига оид юздан ортиқ ноёб сурат ўрин олган. Кўргазма бир ой давом этади.
Холмўмин Маматрайимов,
Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА мухбирлари