Термиз шаҳридаги қўшма корхонада маҳаллий хомашёдан сифатли дори воситалари тайёрланмоқда
Термиз шаҳридаги “NOVA PHARM” масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон – Ҳиндистон қўшма корхонасида жаҳон бозорида рақобатбардош, сифатли ва юқори самарали дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда.
Термиз шаҳридаги “NOVA PHARM” масъулияти чекланган жамият шаклидаги Ўзбекистон – Ҳиндистон қўшма корхонасида жаҳон бозорида рақобатбардош, сифатли ва юқори самарали дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда.Замонавий ускуналар билан жиҳозланган корхона фаолияти босқичма-босқич кенгайиб, фармацевтика маҳсулотлари тури ошиб бормоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 31 октябрдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Мамлакатимизда хусусий сектор ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, қулай ишбилармонлик муҳити яратилаётгани фармацевтика саноатини ҳам ривожлантириш, аҳоли ҳамда даволаш муассасаларини сифатли, хавфсиз дори-дармон воситалари билан таъминлашга хизмат қилмоқда. Маҳаллий доривор ўсимликлар асосида дори-дармон воситалари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳисобидан фармацевтика маҳсулотлари маҳаллийлаштирилиб, тиббиёт амалиётига жорий этилмоқда.
Доривор ўсимликлар сероб ва уларни етиштириш учун қулай иқлимга эга Сурхондарё вилоятида фармацевтика саноатини юксалтириш борасида ҳиндистонлик ҳамкорлар билан жаҳон бозорида рақобатбардош, арзон дори воситалари ишлаб чиқариш ҳажми кенгаймоқда.
Вилоятдаги доривор гиёҳлар чуқур ўрганилиб, уларни кўпайтириш, парваришлаш ва мақсадли фойдаланиш юзасидан истиқболли режалар ишлаб чиқилган. Шу мақсадда маҳаллий шифобахш ўсимликлардан юқори самарали, ишончли дори-дармон ишлаб чиқариш учун давлат ўрмон хўжаликлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳудудда етиштириладиган маҳаллий доривор ўсимликлар импорт ўрнини босувчи кўплаб турдаги ноёб дори-дармон тайёрлаш учун ҳам арзон ва ишончли хомашёдир.
Қўшма корхонанинг дастлабки босқичида 50 иш ўрни яратилиб, турли антибиотик, оғриқ қолдирувчи, иссиқ туширувчи дори воситалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган эди. Мустақиллигимизнинг 24 йиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилган иккинчи босқичда сифатли ва ноёб кукун, шифобахш дамлама ва турли сироплар ишлаб чиқариш ўзлаштирилиб, мазкур дори воситаларининг катта маблағ эвазига четдан олиб келинишига барҳам берилди. Корхона фаолиятининг босқичма-босқич кенгайтирилаётгани мамлакатимиз фармацевтика саноатини янада юксалтириш, даволаш-профилактика муассасаларининг арзон, сифатли дори воситаларига бўлган талабини қондириш, юртимизнинг экспорт салоҳиятини янада оширишга ҳисса қўшмоқда.
– Корхонамизда турли гиёҳлардан тайёрланадиган фармацевтика маҳсулотлари таркибини пухта таҳлил қилиш ва уларнинг сифатини аниқлаш учун барча қулайликларга эга лаборатория ишлаб турибди, – дейди технолог Тўлқин Эшмирзаев. – Бу ерда малакали мутахассислар билан бирга, ёш кадрлар ҳам самарали фаолият юритмоқда.
Корхонада ишчиларни ижтимоий ҳимоя қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, улар учун бепул тиббий ва транспорт хизмати йўлга қўйилган.
– Фармацевтика йўналиши бўйича мутахассисман, – дейди корхона ишчиси Сайёра Қаршиева. – Замонавий ускуналарни бошқаришни қисқа вақтда ўрганишимда коллежда олган билимларим қўл келди. Шундай корхонада, халқимиз саломатлигини асрашдек шарафли соҳада ишлаётганимдан фахрланаман.
Айни пайтда қўшма корхонанинг учинчи босқичида қурилиш-монтаж ишлари давом эттирилмоқда. Бу иншоотга бир марталик шприцлар ишлаб чиқарадиган технологик ускуналар ўрнатилади. Ишлаб чиқариладиган инфузион, инъекцион эритмалар бир қанча дори воситаларини хориждан келтиришга тўлиқ барҳам бериш билан бирга, уларни экспорт қилиш имкониятини ҳам яратади. Маҳаллий шароитда ўсадиган шифобахш гиёҳлардан фойдаланиш ишлаб чиқариладиган дори воситаларининг таннархини арзонлаштиради.
Корхона тўла қувват билан ишга тушгач, бу ерда 150 дан ортиқ ишчи меҳнат қилади.