Термиз очиқ халқаро турнирга пухта ҳозирлик кўрмоқда
Жорий йилнинг 21 ноябрь куни Термиз шаҳрида буюк аллома Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигига бағишлаб “Мардлар майдони” шиори остида кураш бўйича очиқ халқаро турнир бўлиб ўтади.
Президентимизнинг жорий йил 24 июлдаги “Буюк ватандошимиз, ҳадис ва тасаввуф илмининг етук намояндаси Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилаётган беллашувнинг соврин жамғармаси 36 минг 500 долларни ташкил этади.
Маълумотларга кўра, қизиқарли лаҳзаларга бой бўладиган халқаро турнирда мамлакатимизнинг кураги ерга тегмаган полвонлари ва Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон каби давлатлардан юздан ортиқ курашчи -73 килограмм, -81 килограмм ва мутлақ вазн тоифаларида ғолиблик учун гиламга тушади.

Айни пайтда Термиз шаҳрида нуфузли беллашувни юксак савияда ўтказиш ва меҳмонларни кутиб олишга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА