Терма жамоаларимизда нима гап?
Бугун бош жамоамиз жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари доирасида сафарда Сингапур миллий термасига қарши майдонга тушади.
Миллий терма:
Бугун бош жамоамиз жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари доирасида сафарда Сингапур миллий термасига қарши майдонга тушади.

Кеча кечқурун чартер самолётда парвоз қилган футболчи ва мураббийларимиз, делегациямиз аъзолари Сингапур пойтахтига етиб борди. Шундан келиб чиқиб, аслида ўйиндан бир кун олдин ўтадиган расмий машғулотни ўйин кунининг эрталабидан ташкил этишни режалаштирган бош мураббий Вадим Абрамов асосий эътиборни энг муҳими шогирдларининг кайфиятини кўтаришга, уларнинг руҳий жиҳатдан ўйинга тайёрлашга қаратган.
Бугун, Тошкент вақти билан соат 16:45 да бошланадиган учрашувни хитойлик ҳакамлар гуруҳи бошқариб боради. Бош ҳакам – Шен Йинҳао. Унга қанотларда ҳамюртлари – Сонг Циангюн ҳамда Жанг Ченг ёрдам беришади. Захира ҳаками – Жанг Лей. Назоратчи Ала Ал Абади (Ироқ), комиссар Каня Кеомани (Лаос). Қайд этиш жоиз, мазкур рефери 3 кун аввал Жанубий Корея – Ўзбекистон олимпия терма жамоалари ўртасидаги ўйинни ҳам бошқарган эди.
Ушбу ўйинда футболчиларимиз оқ-кўк-оқ рангли спорт кийимида майдонга тушади. Мезбонлар эса қизил формаларда ҳаракат қилади.
Миллий терма жамоамизга омад тилаймиз.
Олимпия терма:
Хабарингиз бор, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси айни пайтда Жанубий Кореяда ўқув машғулот йиғини ўтказмоқда. Любинко Друлович устозлигидаги олимпиячиларимиз йиғин доирасида маҳаллий олимпия термаси билан иккита ўртоқлик учрашуви ўтказди. Мамлакатнинг Хвасон шаҳрида ташкиллаштирилган дастлабки ўйинда майдон эгаларининг қўли баланд келди – 3:1. Кеча бўлиб ўтган иккинчи ўйин эса Чхонан шаҳрида ташкил этилди. Қизиқарли кечган беллашув якунида вакилларимиз 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Муваффақият келтирган голларга Бобир Абдухолиқов ва Жасур Яхшибоев муаллифлик қилди. Ушбу учрашувда майдонда ҳаракат қилган футболчиларимиз:

Абдувоҳид Неъматов, Ислом Қобилов, Абдулла Абдуллаев, Нурилло Тўхтасинов, Жасурбек Яхшибоев, Бобир Абдухолиқов, Ойбек Рустамов, Ҳусниддин Алиқулов, Илҳомжон Алижонов, Шаҳбоз Жўрабеков, Ойбек Бозоров. Захира: Низомиддин Зиёвутдинов, Машҳуржон Муҳаммаджонов, Иброҳим Йўлдошев, Дилшод Саитов, Достон Иброҳимов, Миржаҳон Мираҳмадов, Шерзод Насруллаев, Аброрбек Исмоилов, Азизбек Амонов, Ислом Рашидхонов, Асадбек Собиржонов.
Ҳали олдинда Осиё чемпионатига қадар яна уч ой вақт бор. Келаси ойларда ҳам йиғин ҳамда ўртоқлик ўйинлари ўтказилишини инобатга олсак қитъа биринчилигига юқори даражада тайёргарлик олиб борилишига ишонч билдирамиз.
Ёшлар (U-19):
Ўзбекистон ёшлар (U-19) терма жамоамиз Таиландда ташкил этилган “GSB Bangkok Cup” мусобақасида иштирок этиб қайтди. Дастлабки ўйинда Жанубий кореялик тенгқурларига қарши майдонга тушиб, 1:5 ҳисобида имкониятни бой берган вакилларимиз 3-ўрин учун Таиландга қарши кечган ўйинда 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақанинг бронза медалларини қўлга киритди. Ўйин тақдирини ҳал этган ягона голни Жасур Жалолиддинов киритди.

Футзал:
Хабарингиз бор, шу йилнинг 23-25 октябрь кунлари Эронда футзал бўйича Осиё чемпионати-2020 нинг саралаш баҳслари бўлиб ўтади.
Саралаш баҳсларига тайёргарлик кўриш мақсадида терма жамоамиз Тошкентда навбатдаги ўқув-машғулот йиғинига киришди. Мазкур йиғин саралаш ўйинлари олдидан охиргиси бўлиб, ҳал қилувчи тайёргарлик вазифасини ўтаб беради.

Терма жамоамиз мазкур йиғин доирасида иккита халқаро ўртоқлик учрашуви ўтказишни режалаштирган. Ҳар иккала ўйин ҳам Қирғизистон футзал термасига қарши ўтказилади. Учрашувлар 17 ва 19 октябрь кунларига белгиланган.