Тери маҳсулоти экспорти ортмоқда
Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида фаолият юритаётган юздан ортиқ саноат корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг аксарияти экспортга йўналтирилмоқда.
Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида фаолият юритаётган юздан ортиқ саноат корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг аксарияти экспортга йўналтирилмоқда.
Шаҳар ҳокими, биринчи сектор раҳбари Одилжон Жўраев мазкур саноат ҳудудида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиб, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганди.
Шаҳар ҳокими дастлаб “Ҳамкор Нур савдо” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, тадбиркорлар ва корхона ишчилари билан мулоқот қилди. Қарийб 3 миллион доллардан зиёд инвестиция ҳисобига модернизация қилинган мазкур корхона терини қайта ишлашга ихтисослашган. Ярим тайёр ва тайёр бўялган тери маҳсулотлари Туркия, Италия ва Қозоғистонга экспорт қилинади.

Эътиборли жиҳати, корхона томонидан январь ойининг ўтган даврида 67 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Февраль ойига қадар эса экспорт ҳажмини 262 минг долларга етказиш режалаштирилмоқда.
Лойиҳа қиймати 16 миллиард сўмни ташкил этувчи “Toshkent Sheyk Industries” МЧЖ ҳам терини қайта ишлаш йўналишида фаолият бошлаётган корхоналардан бири. Шаҳар биринчи сектор раҳбари айни пайтда қурилиш ишлари олиб борилаётган корхона фаолияти билан танишиб, қурилиш ишлари суст олиб борилаётгани, корхонани жорий йилнинг биринчи чорагида ишга тушириш лозимлиги ва бунинг учун ҳокимлик томонидан зарур бўлган ёрдам берилишини маълум қилди.
Шу ернинг ўзида мазкур корхона томонидан қўшни корхона ва темир йўли бўйига оқизилаётган оқова сув муаммосини ҳал этиш бўйича тегишли ташкилот раҳбарларига топшириқ берилди.

Лойиҳа қиймати 14 миллион 800 минг доллар бўлган “East mining invest” қўшма корхонаси истиқболли лойиҳалардан бири ҳисобланади. Жорий йилнинг иккинчи чорагида иш бошлаши режалаштирилган мазкур корхона автоклав газобетон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, бу ерга Германия ва Туркиядан замонавий асбоб-ускуналар олиб келинган.
Шаҳар ҳокими 200 нафарга яқин қурувчи меҳнат қилаётган корхонадаги қурилиш жараёни билан танишиб, тадбиркорлик субъекти масъуллари билан мулоқот қилди. Корхона раҳбариятининг муаммоли мурожаатлари, таклиф ва ташаббусларидан келиб чиқиб, тегишли ташкилот раҳбарларига зарур вазифалар белгиланди.
Қарийб 1 миллион 300 минг доллар ҳисобига маҳаллий тадбиркор томонидан ўтган йилнинг сентябрь ойида фаолияти йўлга қўйилган “Multiplast Kabel” корхонасида сим, кабель ва ПВХ қувурлари ишлаб чиқарилмоқда. Корхона маҳсулотига қўшни давлатларда ҳам талаб юқори. Шу кунларда қозоғистонлик ҳамкорлар билан экспорт шартномаси имзоланиши кутилмоқда.
Шаҳар ҳокимининг корхона масъуллари билан мулоқотида тадбиркорлик фаолиятига оид муаммолар муҳокама этилиб, экспорт кўламини оширишга доир тегишли тавсиялар берилди.