Тергов судъялари – одил судлов кафолати
Термизда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари Икром Муслимов Президентимизнинг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятига бағишланган учрашув ўтказди.
Соҳа ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда сўнгги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, суд тизимида жорий этилаётган ўзгаришлар хусусида атрофлича сўз юритилди.


“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, ишни судга қадар юритишда тарафларнинг тенглиги ва тортишуви тамойилини амалда таъминлаш, тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди. Шунга мувофиқ жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиш тартиби жорий этилиб, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими киритилгани қайд этилди.
Тергов судьяларига берилган ваколатлар, улар кўриб чиқадиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартиби, тергов судьясига берилаётган 11 турдаги санкция ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколатлари ҳамда бу янгиликнинг жиноят ишлари бўйича биринчи инстанция судлар судьялари ўртасида иш ҳажми мутаносиблигини тўлиқ таъминлашдаги ўрни тўғрисида атрофлича маълумот берилди.


Мазкур фармонга кўра, тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсуниши ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмаслиги юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири