Теннисчиларимиз навбатдаги ғалабалар сари одимламоқда
Жорий ҳафта давомида Ҳиндистон, Туркия ва Тунис давлатларида Халқаро теннис федерацияси томонидан эркаклар ва аёллар ўртасида нуфузли мусобақалар ташкил этилмоқда. Биз учун аҳамиятлиси, ушбу турнирларда теннисчиларимиз ҳам ўз омадларини синаб кўради.
Жумладан, Туркияда Сабрина Олимжонова W15 таснифига кирувчи халқаро турнирнинг саралаш босқичида ўз иштирокини бошлади. Сабрина ушбу босқичнинг илк учрашувида чехиялик Эма Харайдани 6:7, 6:1, 10:8 ҳисобида таслим қилди ва иккинчи даврада нейтрал теннисчи Анна Карцева билан тўқнаш келадиган бўлди.
Теннисчимиз агарда ушбу беллашувда ғалаба қозона олса, асосий тўрга йўлланма берувчи учрашувда ЖАР вакили Жани Ван Зил ва нейтрал теннисчи Влада Гурилева баҳси ғолибига қарши кортга чиқади.

Шунингдек, мазкур турнирда яна бир вакиламиз Камола Омонова тўғридан-тўғри асосий тўрга йўлланмани қўлга киритди ва ҳозирда у саралашдан ўтадиган рақибини кутмоқда.
Туниснинг Монастир шаҳрида ўтаётган W15 тоифасидаги мусобақанинг саралашида Милана Масленкова мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда. Милана саралаш босқичининг иккинчи даврасида нейтрал теннисчи Сафия Ведерниковага қарши ўйин ўтказиб, икки сетда бор-йўғи битта геймни бой берган ҳолда зафар қучди. Энди у саралашнинг финалида Фижи вакиласи Сирша Брин билан куч синашади.
Эркаклар ўртасида мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси Ҳумоюн Султонов бу сафар Мумбай шаҳрида бошланган М25 таснифидаги турнирда бош соврин учун баҳсларга киришади.
Теннисчимизнинг бу йўлдаги илк рақиби мезбонлар вакили Адил Каланпур бўлади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА