Тендерсиз қурилишлар давом этмоқда
Қурилиш соҳасида шаффофликни таъминлаш, ушбу йўналишда учраётган коррупция ҳолатларига барҳам бериш мақсадида тендерлар ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган. Аммо амалда ҳали тендер бошланмай туриб қурилишни бошлаб юбориш ҳолатлари учрамоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги айнан шу йўналишдаги ўрганишлари давомида бундай ҳолатларни фош этишда давом этмоқда.
Агентлик томонидан Наманган, Хоразм, Навоий вилоятларида давлат буюртмачилари томонидан амалга оширилган давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолатлар ўрганиб чиқилганда, тендер ғолиблари ҳали аниқ бўлмай қурилиш ишлари бошлаб юборилгани аниқланди.
Наманган вилояти ҳокимлиги инжиниринг компанияси буюртмачилигида “tender.mc.uz” махсус ахборот порталига умумий қиймати 4,7 миллиард сўмлик 3 та соғлиқни сақлаш муассасасини қуриш бўйича маълумот жойлаштирган. Жумладан, Наманган шаҳар 9-сон оилавий поликлиникасини мукаммал таъмирлаш бўйича буюртмачи томонидан 2021 йилнинг 3 август куни “Шаффоф қурилиш” электрон платформасида 2 миллиард сўмлик эълон берилган.
2021 йил 10 август куни ушбу лот бўйича лойиҳа – смета ҳужжатларида бажарилиши кўзда тутилаётган иш ҳажми жойига чиқиб ўрганилганида, поликлиника биносида мукаммал таъмирлаш ишлари “Barkamol qurilish ta’mir servis” масъулияти чекланган жамияти томонидан бошланиб, иш ҳажми қисман бажарилгани аниқланди.
Ушбу ҳолат юзасидан бажарилган ишлар бўйича ҳисоб-варақа, шартнома ва тендер ҳужжатларини тақдим қилиш сўралганида, уларнинг умуман юритилмагани ойдинлашди. Оғзаки келишув асосида пудратчи қурилиш ташкилоти пудрат ишларига жалб қилинган, қурилиш ташкилоти томонидан бажарилган ишлар бўйича ҳисоб-варақалар бухгалтерияда умуман ҳисобга олинмаган.
Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Агентлик матбуот хизмати раҳбари Дурдона Очилова брифингда бундай ҳолат Хоразм вилоятида ҳам мавжудлигини қайд этди. Саккиз ҳолатда жами 3,7 миллиард сўмлик қурилиш ва жорий таъмирлаш ишлари бўйича эълонлар “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун талабларига зид равишда жойлаштирилган.
Хусусан, Янгиариқ туманидаги 10-сон мактабгача таълим ташкилотининг жорий таъмирлаш ишлари учун икки ҳолатда жами 680 миллион сўмлик ва Урганч туманидаги 39-мактабда 490 миллион сўмлик эълонлар бўйича сметада пул маблағлари режалаштирилмасдан таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган.
Навоий вилоятида буюртмачилар томонидан беш ҳолатда умумий қиймати 1,8 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари танлов (тендер) савдолари ўтказилмасдан, пудрат шартномалари тузилмасдан бажарилган.
Юқорида кўрсатилган ҳолатларда “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилган. Ушбу ҳолатлар бўйича масъул шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди. Шунингдек, айрим ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.
Брифингда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти бўйича ҳам маълумот берилди.
Маълумки, 2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган.
Ҳозирда тузилма фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Агентлик директорининг 2021 йил 6 сентябрдаги буйруғи билан “Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти тўғрисида”ги намунавий низом тасдиқланди ва давлат рўйхатидан ўтказилди. Шунингдек, Агентлик масъул ходимлари Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари раҳбар лавозимларига ишга қабул қилиш бўйича ўтказиладиган очиқ танловларда иштирок этиб, жараёнларнинг очиқ ва шаффоф тарзда ўтказилишини таъминлаб келмоқда.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қарор билан 2022 йилдан бошлаб ҳар йили давлат органлари ва ташкилотлари томонидан коррупцияга қарши курашиш тизимини самарали йўлга қўйилганлик ҳолатини баҳолайдиган тизим ишга туширилади.
Н.Абдураимова, ЎзА