9 апрель – Соҳибқирон Амир Темур таваллуд куни
Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ва темурийлар салтанати даврида илм-фан қандай ривожланган?
Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институтида ташкил этилган "Амир Темур ва темурийлар мероси" эллараро йиғин доирасида ушбу мавзу юзасидан ёш олим Исломжон Бўриев қуйидаги фикрларни билдирди:
– Туркистон ерлари Амир Темур томонидан мўғуллардан озод қилиниб, Темурийлар сулоласи ҳукмронлиги бошлангач, илм-фан, маданиятни тиклашга жиддий эътибор қаратилди, – деди ёш тарихчи олим И.Бўриев. – Бу, айниқса, аниқ фанлар соҳасида яққол кўзга ташланади. Амир Темур (1370-1405) ҳукмронлигининг ўзидаёқ Турондан кўплаб олимлар етишиб чиқди.

Қизиқ томони шундаки, булар ҳам Биринчи Уйғониш (Ренессанс) чоғидагилар сингари қомусий олимлар бўлиб, бир қанча соҳаларда ижод қилишган. Жумладан, Амир Темурнинг ўзи ҳукмронлик қилган чоғда Туркистонда Низомиддин Баздавий (14-юзииллик), Саъдуддин Тафтазоний (1322-1390), Саййид Шариф Али Журжоний (1340-1413), Муҳаммад Киё Журжоний (ўлими 1414), Нуруддин Али Балхий (14-юзйиллик) сингари олимлар аниқ фанлар соҳасида таниқли бўлишган. Амир Темурдан кейинги Темурий ҳукмдорлар чоғида эса Жамшид Коший (Кошоний) (ўлими 1436), Неъматуллох Кирмоний (ўлими 1431), Қутбуддин Хусравшоҳ (15-юзйиллик), Ҳусайн Хоразмий Кубравий (ўлими 1435), Абдулқодир Мароғий (1353-1435), Қозизода Румий (ўлими 1440), Мирзо Улуғбек (1394-1449) Масъуд Машҳадий (15-юзйиллик), Шарафиддин Али Яздий (ўлими 1454), Муҳаммад Жомий Олмосий (15-юзйиллик), Маҳмуд Валиштоний (15-юзйиллик), Муъинуддин Коший (15-юзйиллик), Мансур Коший (15-юзйиллик), Камолиддин Майбудий (ўлими 1466), Али Қушчи (1402-1472), Али Ҳусайний Исфаҳоний (15-16-юзйилликлар), Абдурраҳмон Жомий (1412-1492), Масъуд Ширвоний (ўлими 1500), Сулаймон Бухорий (15-16-юзийиликлар), Ҳусайн Воиз Кошифий (ўлими 1505), Аҳмад Тафтазоний (ўлими 1510), Фасиҳиддин Кўҳистоний (ўлими 1530), Абдулқодир Рўёний (ўлими 1519), Низомиддин Биржандий (ўлими 1525), Имод Бухорий (15-юзйиллик), Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1530), Рукниддин Омумий (15-16-юзйилликлар) сингари олимлар аниқ фанлар билан шуғулланишган.

Темурийлар давридаги аниқ фанларни математика, астрономия (астрология билан) ва буларга доир асбоб-ускуналар йўналишларида ўрганиш мумкин.
Амир Темур ҳукмронлиги чоғидаги буюк қомусий олимлардан бири Саъдуддин Масъуд ибн Умар Тафтазонийдир. Самарқандда Амир Амир Темур саройида фаолият юритган олимнинг математикага оид икки йирик асари бугунгача сақланиб қолган. Уларнинг биринчиси "Шарҳ ар-рисола аш-шамсийя" ("Шамсийя" рисоласининг шарҳи") туронлик таниқли олим Низомиддин Найсобурийнит (13-14-юзйилликлар) "Ар-рисола аш-шамсийя фил-ҳисоб" ("Ҳисоб илми бўйича шамсийя рисоласи") асарига тушунтириш ва тўлдирма йўсинида ёзилган. Асарда бутун ва каср сонлар тўғрисида амаллар, исталган даражадан илдиз чиқариш, олтмишлик ҳисоб, геометрия ва алгебрадаги бошқа масалалар хусусида сўз юритилади. Олимнинг кейинги асари "Рисола фи завоё ал-мусаллас" ("Учбурчакнинг бурчаклари тўғрисида рисола") тригонометрияга доир бўлиб, учбурчаклар устида амаллар тўгрисидадир.

Яна бир қомусий олим Зайниддин Абул-Ҳасан Али ибн Муҳаммад Саййид Шариф Журжоний (1340-1413) 20 йилга яқин Самарқандда фаолият юритиб, аниқ ва табиий фанларга доир 10 та асар ёзиб қолдирган. Жумладан, "Мақолид ал-улум фи ҳудуд ва ар-русум" ("Қоидалар ва чегаралар тўғрисидаги билимларнинг калитлари") асари қомусий бўлиб, унинг 14-бўлими геометрия; 15-17-бўлимлари ҳисоб билими ва мусиқага доирдир. Олим ўзигача бўлган мусулмон ва юнон мутафаккирларининг ишларидан яхшигина хабардор бўлган, уларга тушунтириши ва тўлдирмалар ёзган. "Ҳошия ъалаа" Шарҳ мухтасар ал-Усул" ("Эвклиднинг "Негизлар" асари қисқартмасининг шарҳига тўлдирма"), "Ҳошия ъалаа Таҳрир Насирудин Тусий ли-китоб ал- усул ли -Уқлидис" ("Эвклиднинг "Негизлар" китобига Насириддин Тусий ёзган шарҳга тўлдирма") асарлари шулар жумласидан бўлиб, геометрияга доирдир.

Саййид Шариф Журжоний математика бўйича билимларини амалиётга татбиқ этган, мерос илми билан жиддий шуғулланган. У бу соҳага доир Сирожиддин Сижовандийнинг (12-13-юзйилликлар) "Ал-фароиз ас-сирожийя" ("Сирожиддиннинг мерос илмига доир асари") рисоласига шарҳ ёзган.
Яна бир қомусий олим Ғиёсиддин Жамшид Коший (ўлими 1436) "Мифтоҳ ал-ҳисоб" ("Ҳисоб билими калити") асарида бутун ва каср сонлар устида амаллар, исталган даражадан илдиз чиқариш, иккиҳадли формулалар, олтмишлик саноқ тизимидаги амаллар бўйича ёзилган муҳим рисола бўлган. Асарда, шунингдек, геометриядаги билимларнинг амалиётга татбиқига махсус бўлим ажратилган, унда тошлар ёрдамида ҳажмни ҳисоблаш, пештоқ, гумбаз, қубба, муқарнасларнинг юзасини ҳисоблаб чиқариш хусусида сўз юритилган. Олим "Ар-рисола ал-муҳитийя" ("Айлана тўғрисида рисола") асарида 3*2²⁸ та томонли кўпбурчак ёрдамида π сонининг қийматини вергулдан кейинги 17-хонагача аниқ ҳисоблаб чиқаради. "Рисола ал-ватар ва ал-жайб" ("Ватар ва синус тўғрисида рисола" асарида эса Коший 4x²+q=3x тенгламасидан фойдаланган ҳолда 1 даражанинг синусини ниҳоятда аниқ ҳисоблайди.
1 даражанинг синусини ҳисоблаб чиқариши бўйича, шуниндек, Қозизода Румий ва Мирзо Улуғбеклар ҳам махсус асар ёзишган. Бунда улар Кошийнинг усулидан фойдаланишган.
Али Қушчи (1402-1472) эса ўз асарларида сонларга нисбатан мусбат ва манфий сифатларини қўллаган, бу орқали бутун дунёда бу мазкур атамалар ёйилишига, ҳозирги алгебранинг ривожига ўзининг муҳим ҳиссасини қўшган.
Шарафиддин Али Яздий (ўлими 1454) аниқ фанлар билан шуғулланган қомусий олим бўлиб, "бармоқ ҳисоби", яъни бармоқлардаги бўғимлар орқали амалга ошириладиган ҳисоб тури тўғрисида махсус асар ёзган. Шунингдек, у математиканинг сеҳргарлик билан боғлиқ томонларини, жумладан, сеҳрли квадрат ва сонларни ҳам чуқур ўрганган, ўзининг бир асарида шулар хусусида сўз юритган.
Темурийлар ҳукмронлиги даврида астрономия илми ҳам юксак даражада ривожланди. Олимлар ўзларигача бўлган мутафаккирларнинг асарларини чуқур ўрганиб, улардаги ғояларни, хусусан, Ер Қуёш атрофида айланиши тўғрисидаги назарияни давом эттиришди. Низомиддин Баздавий (14-юзйиллик) Насириддин Тусийнинг (1201-1274) ғояларини ривожлантирди, унинг "Ат-тазкира ан-насирийя фи илм ал-ҳайъа" ("Астрономия илми бўйича Насириддиннинг эсдаликларги") асарига шарҳ ёзди. Шарҳда осмон жисмлари, уларнинг ўлчамлари ва улардан Ергача масофа хусусида сўз юритилган.
Саййид Шариф Журжоний Насириддин Тусий ва Маҳмуд Чағминийнинг (ўлими 1221) қарашларини ривожлантирди, Чағминийнинг "Ал-мулаххас фи ал-ҳайъа" ("Астрономия бўйича қисқача асар" рисоласига шарҳ ёзди.
Жамшид Кошийнинг бизгача астрономияга доир 20 га яқин асари етиб келган бўлиб, уларда коинот тузилиши, Ердан осмон жисмларигача масофалар, осмон жисмларининг ҳажмини ҳисоблаш тушунтирилган. Коший 2 та зиж тузган, "Зижи жадиди Кўрагоний" жадваллари тузилишида қатнашган, бу асарни арабчага таржима қилган.
Хусайн Хоразмий Кубравий (ўлими 1435) Чағминий қарашларини давом эттирган, "Мулаххас"га шарҳ ёзиб, уни Мирзо Улуғбекка тақдим этган. У олам тузилиши тўғрисидаги бошқа асарини эса Улуғбекнинг ўғли Абдулазизга атаган.
Қозизода Румий Чағминий ва Тусийнинг асарларини шарҳлаш билан бирга қибла йўналишини, меридиан чизиқларини топиш тўғрисида рисолалар ёзган.
Сулаймон Бухорий 1492 йилда Макка шаҳрида туриб қибла йўналишини топиш бўйича машҳур рисоласини ёзган.
Ҳусайн Воиз Кошифий (ўлими 1505 йил) астрономияга доир 3 та асари бугунгача сақланиб қолган бўлиб, уларда вақтларни аниқлашнинг турли усуллари, жумладан, ойнинг ҳаракатига асосан соатларни ҳисоблаш тушунтириб берилган.
Фасиҳиддин Низомий Кўҳистоний (ўлими 1530 йил) Али Қушчининг шогирди бўлиб, Алишер Навоийга астрономия билимида устозлик қилган. Бу киши ўзининг астрономия ва математикага доир икки асарини Навоийга бағишлаган. Кўҳистоний Чағминий, Шамсиддин Самарқандий, Насириддин Тусий, Камолиддин Туркманийларнинг қарашларини давом эттирган.
Имод Бухорий (15-юзйиллик) Султон Абу Саид Мирзога (1959-1969) атаб каттагина зиж тузган. Шунингдек, у Ой тенгламасини тенглаштиришга доир асар ҳам ёзган.
Рукниддин Омумий (15-16-юзйиллик) Насириддин Тусийнинг зижини қайта ишлаб, бу янги зижни Султон Абу Саид Мирзога атаган.
Астрономик асбоблар соҳаси ҳам бу чоғда анча ривожланди, илгариги асбоблар такомиллаштирилди, янгилари ҳам ихтиро қилинди. Жамшид Коший астрономик тадқиқот қуроллари, жумладан, устурлоб ва боғловчилар доскаси асбоби тўғрисида махсус асарлар ёзди. У, шунингдек, минтақалар гардиши асбобини (disc of belts) ихтиро қилган.
Шарафиддин Али Яздийнинг ҳам устурлоблар бўйича асари бўлганлиги маълум. Али Қушчи эса астрономияга доир бир рисоласида чизғич ва циркулни ишлатиш тўғрисида сўз юритган.
Фасиҳиддин Низомий Кўҳистоний устурлоблар тўғрисидаги бир йирик асарини Навоийга атаган. Шунингдек, унинг глобус ва квадрант тўғрисидаги асарлари бугунгача етиб келган. Абдулқодир Рўёнийнинг ҳам глобусга доир асари ҳозиргача сақланиб қолган. Рукниддин Омулий эса Абу Саид Мирзога атаб устурлобларни ясаш тўғрисида йирик асар ёзган. Бу асарда Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Насириддин Тусийларнинг шу мавзудаги рисолаларидан парчалар учрайди.
Бир сўз билан айтганда, Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даврида илм-фан гуркираб равнақ топди. Ушбу кашфиётлар жаҳон маърифати ривожида ҳам бетимсол аҳамият касб этиб, ҳозиргача дунё олимларининг эътибори ва қизиқишини ўзига жалб этмоқда. Янги-янги кашфиётларга замин яратмоқда.
ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди.