“Темур тузуклари” билимдонлари рағбатлантирилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, тарғиб қилиш бўйича ташаббусларидан келиб чиққан ҳолда Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими томонидан турли муассасаларда, умумтаълим мактабларида мунтазам равишда “Энг яхши китобхон” танлови ўтказиб келинаяпти.
Бунда жаҳон ва ўзбек адабиётининг сара намуналари, тарихий китоблар бўйича билимларини намойиш этган ўғил-қизлар муносиб рағбатлантирилмоқда.
Шундай тадбирлардан бири Қарши туманидаги 25-мактабда ташкил этилди.
Танлов учун айнан мазкур таълим муассасаси танлангани бежиз эмас. Мактаб жойлашган Қовчин қишлоғида давлатимиз раҳбари эътибори асосида барпо этилган Абул Муин ан-Насафий зиёратгоҳи жойлашган бўлиб, буюк аллома шу ерда мангу қўним топган.
Азалдан гуллаб-яшнаган илм-фан дарахтлари бугун ҳам ўз мевалари, самараларини бериб келмоқда. Ҳудудда илм-зиёга, китобхонлик, ижодга ошно инсонлар кўп.
Мактаб ўқувчиларига бир ой аввал “Темур тузуклари” асарини ўқиш вазифаси топширилди. Шунга кўра, тест саволларига энг кўп жавоб топган ўқувчилар орасидан Оғабек Мамашаев 1-ўринни, Фарангиз Шодмонова 2- ва Ҳасан Холбоев 3-ўринни қўлга киритди.
[gallery-7070]
1-ўрин соҳибига ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 500 минг сўм, 2-ўринни қўлга киритган ўқувчига 300 минг ҳамда 3-ўрин соҳибига 200 минг сўм пул мукофоти, китоблар тақдим этилди.
Тақдирлаш маросимида Марказ вилоят бўлими, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ фахрийлар кенгаши вакиллари иштирок этди.
- Яқинда “Ёш китобхон” танловининг республика босқичи ғолиблари аниқланиб, Президент соврини – “Спарк” автомобили ўз эгаларига топширилди, - дейди мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси, журналист Бекзод Сайфиев. – Бироқ шу танловнинг вилоят босқичига Қарши туманидан бирорта ҳам иштирокчи чиқа олмаган. Эҳтимол танловнинг туман босқичи ўтказилмагандир. Шунга кўра, мактабда, ҳудудда китобхонлик даражасини янада юксалтириш мақсадида “Энг яхши китобхон” танловини ўтказишни йўлга қўйдик.
Дастлаб ўқувчилар Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи бўйича билимларини синовдан ўтказди, бу гал эса “Темур тузуклари” бўйича тест саволларига жавоб топишди. Танловнинг ҳар бир босқичига саховатпеша инсонлар томонидан 1 миллион сўм маблағ ажратилиб, юқори натижа қайд этган 3 ўқувчига рағбат тариқасида берилмоқда. Мақсад, маҳаллада жойлашган 4 та мактаб ўқувчиларини ўзаро беллаштиришдир. Ундан сўнг эса туман мактаблари ўқувчилари ўртасида мукофот пули 10 миллион сўм бўлган танлов ўтказишни режа қилганмиз. Шу орқали ҳудудда китобхонлар сони ошса, бизда ҳам китоб ўқиб “Спарк” оладиганлар кўпайса, мамнун бўламиз.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА