Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 2 декабрь куни Жиззах вилоятига ташрифи чоғида Айдар-Арнасой кўллар тизими атрофида туризмни ривожлантириш, замонавий инфратузилма барпо этиш ва ҳудуд иқтисодий салоҳиятини оширишга қаратилган қатор муҳим вазифалар белгилаб берилган эди. Бугун мазкур ташаббуслар изчил амалий босқичга ўтмоқда.
Хусусан, давлат раҳбари томонидан Айдар-Арнасой ҳудудининг транспорт жиҳатдан қулайлигини таъминлаш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида Дўстлик туманидан кўллар тизими томон янги темирйўл линиясини тортиш бўйича берилган топшириқлар ижроси доирасида қурилиш ишлари бошланди.

Лойиҳага кўра, янги темирйўл линиясининг умумий узунлиги 39,1 километрни ташкил этади. Қурилиш ишларининг умумий қиймати 508,4 миллиард сўм этиб белгиланган. Йирик инфратузилмавий лойиҳа “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилмоқда.
Айни пайтда темирйўл трассасининг асосий қисмини тайёрлаш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Қурилиш жараёнида карьерлардан тупроқ олиб келиниб, темирйўл пойдевори шакллантирилмоқда, махсус техникалар ёрдамида уни мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Лойиҳани ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш жараёнида ҳудуднинг истиқболли ривожланиш омиллари ҳам инобатга олинди. Хусусан, Арнасой тумани ҳокими Одил Мусанов “Тоштемирйўллойиҳа” масъулияти чекланган жамияти мутахассислари билан учрашиб, Дўстлик бекати ҳамда Айдар-Арнасой кўлларини боғловчи темирйўл лойиҳаси билан атрофлича танишди. Учрашувда билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида лойиҳа янада такомиллаштирилиб, тасдиқланди.

Мазкур темирйўл линияси мамлакатимизда амалга оширилаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастурлар доирасида ҳудудлар иқтисодий фаоллигини оширишга хизмат қилади. Энг муҳими, қурилиш жараёнида ва келгусида темирйўл инфратузилмаси фаолияти йўлга қўйилиши орқали янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли бандлигини таъминлаш имкониятлари кенгаяди.
Мутахассислар фикрича, янги темирйўл линияси Айдар-Арнасой кўллар тизимида туризмни жадал ривожлантириш, сайёҳлар оқимини ошириш ва ҳудудда замонавий сервис инфратузилмасини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари