Темирйўллар водий вилоятларини бирлаштиради
Наманган – Андижон темир йўлининг электрлаштирилиши водий ҳалқа темир йўлида электропоездлар ҳаракатланишига имкон яратди.
Наманган – Андижон темир йўлининг электрлаштирилиши водий ҳалқа темир йўлида электропоездлар ҳаракатланишига имкон яратди.
Қайд этиш керакки, бу лойиҳа Мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги байрамига "Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти қурувчи-мутахассисларининг водий аҳолисига муносиб совғаси бўлди.
Фарғона водийсидаги ҳалқа темир йўлини электрлаштириш лойиҳасининг учинчи босқичи бўлган 100,6 километр масофага эга Наманган – Андижон темир йўлида электрлаштириш ишлари тугатилди.
Натижада умумий узунлиги 331,6 километрлик водий ҳалқа темир йўли тўлиқ электрлаштирилиб, юк ва йўловчи электр поездларининг ҳаракатига имконият яратилди.
Водий темир йўлларининг тўлиқ электрлаштирилиши юк ва йўловчи ташиш сифатини ошириш, тезюрар поездлар қатновини шакллантиришда ўзига хос аҳамият касб этади. Шунингдек, дизель ёқилғисида ҳаракатланаётган тепловозлар ўрнини энди замонавий электровозлар эгаллайди.
Юртимизнинг шарқий қисмидаги уч вилоятни (Наманган, Андижон ва Фарғона) темир йўл орқали боғлаган ушбу ҳалқа темир йўлини электрлаштириш ишлари белгиланган режага кўра босқичма-босқич сифатли ва ишончли бажарилди. Биринчи босқичда электрлаштириш ишлари Поп шаҳридан бошланиб, Қўқон, Марғилон, Асака ҳамда Андижон ҳудудларигача бўлган йўналишларда ишлар амалга оширилди. Ушбу участканинг узунлиги 186 километр бўлиб, 2016 йилда фойдаланишга топширилган.

2019 йил иккинчи босқичда узунлиги 45 километр бўлган Поп – Чуст – Тўрақўрғон – Раустон – Наманган оралиғида электрлаштириш ишлари бажарилган эди. Ва ниҳоят сўнгги босқичда Наманган – Андижон участкасини электрлаштириш ишлари жадал суратларда олиб борилиб, қисқа фурсатда якунига етказилди. Мазкур йўналишнинг узунлиги 100,6 километрни ташкил этади. Сўнгги босқичда бажарилган сифатли ишлар натижасида водий ҳалқа темир йўли тўлиқ электрлаштирилди. Келгусида “Поп – Наманган – Андижон” участкасида контакт тармоғига сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида Франция давлатидан замонавий 2 та дрезина ва 2 та махсус хизмат автомошиналари келтирилди.
Бугун эрта тонгда водий ҳалқа темир йўли бўйлаб дастлабки йўловчи электрпоездининг янги барпо этилган Наманган темир йўл вокзалидан дастлабки ҳаракати йўлга қўйилди. Унинг илк йўловчилари Наманган вокзалидан қўзғалди.
– Ангрен - Поп йўли электирлашгандан кейин одамларнинг қатнаши учун қатор қулайликлар бўлди, – дейди меҳнат фахрийси Олимжон Раҳматов. – Енгил машинада Тошкентда водийга бориб келиш катта ёшли инсонлар учун қийинроқ эди. Энди анча енгил бўлди. Нархи ҳам арзон, йўл ҳам бехавотир.
Электропоезд беш соатдан ортиқ вақтда Андижон, Марғилон ҳамда Қўқон вокзалларидан ўтиб, айланиб яна Наманган вокзалига қайтиб келади. Ушбу йўналишдаги поездларнинг доимий қатнови Қўқондан ҳаракатланиб, Поп, Наманган, Андижон ҳамда Марғилон вокзалларидан ўтиб яна Қўқон вокзалига келади.
Ушбу уч босқичли лойиҳанинг тўлиқ электрлаштирилиб, фойдаланишга топширилиши натижасида Фарғона водийси ҳалқа темир йўли бўйлаб тезкор электропоездлар қатнови йўлга қўйилади. Бу эса водий шаҳарлари ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари билан темир йўл орқали ишончли боғланишида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.