Қарор ва ижро
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 10 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан «Темирйўлкарго» АЖ ташкил этилиб, 2024 йилдан иш бошлаган эди.
Қарорнинг моҳияти ва унда белгиланган вазифалар бўйича бугунга қадар жамият томонидан қандай ишлар амалга оширилди? Шу каби масалалар юзасидан “Темирйўлкарго” акциядорлик жамияти бош директори Абдусамат МЎМИНОВ билан суҳбатлашдик.
– 2023 йил 10 октябрдаги Президент қарори билан Ўзбекистон темир йўл соҳасини ислоҳ қилиш бўйича муҳим ишлар бошланди. Мазкур ҳужжат билан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ таркибида бир нечта мустақил компаниялар ташкил этилди. Жумладан, Юк ташиш компанияси негизида вагонлар ва юк ташиш хизматларини тақдим этиши назарда тутилиб, «Темирйўлкарго» акциядорлик жамияти иш бошлади. Бунда жамиятлар фаолиятида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, темир йўл инфратузилмаси ва хизматларига хусусий секторни жалб қилиш ҳамда давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларга устувор аҳамият берилиши назарда тутилди.
Бундан ташқари, темир йўл тарифлари бозор механизмлари асосида шакллантирилиши, тизимда замонавий технологиялар, автоматлаштирилган бошқарув жорий қилинишига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган. Асосий мақсад Ўзбекистон темир йўл тармоғини самарали, шаффоф, халқаро стандартларга мос, иқтисодий жиҳатдан барқарор тизимга айлантириш.
–Темир йўл соҳасини ривожлантириш йўлида “Темирйўлкарго” акциядорлик жамияти олдига қандай вазифалар қўйилган эди ва уларнинг ижроси бўйича нима ишлар қилинди?
– Юк ташиш самарадорлигини ошириш, жараёнларни тезлаштириш, харажатларни камайтириш ва замонавий логистика хизматларини йўлга қўйиш, рақобатбардош тариф сиёсатини юритиш – бозор шароитига мос, иқтисодий жиҳатдан асосли тарифларни ишлаб чиқиш энг муҳим вазифалардан биридир. Шунингдек, мижозларга хизмат кўрсатишни яхшилаш – юк эгаларига қулай, очиқ, тезкор хизмат кўрсатиш тизимини шакллантириш, рақамлаштириш йўналишида юк ташиш билан боғлиқ барча жараёнларни автоматлаштириш, электрон платформалар орқали ишлаш ҳамда халқаро йўналишларни ривожлантириш – транзит ва экспорт-импорт ташувларини кенгайтириш, қўшни давлатлар билан интеграцияни чуқурлаштириш вазифалари ҳам кўзда тутилган эди.
Қарор ижроси бўйича амалга оширилган ишларга келадиган бўлсак, янги логистик марказлари, хизматлар жорий этилаяпти. Мультимодал ташувлар (темир йўл + автомобиль) тизими шаклланди. Юк ташиш буюртмалари, шартномалар ва кузатув тизимлари рақамлаштириляпти. Натижада мижозлар юк ҳолатини онлайн кузатиш имконига эга бўлишади.
Транзит салоҳияти оширилди. Хитой – Ўзбекистон – Эрон ва бошқа янги йўналишлар фаол ишлай бошлади. Транзит юк оқимлари сезиларли ўсди. Бундан ташқари, техник базани янгилаш бошланди. Вагонлар ва юк терминаллари, юк станциялари босқичма-босқич модернизация қилинмоқда. Турли юкларни ташишга мўлжалланган вагонлар ва контейнер ташувчи фитинг платформалар сони кўпайтирилди. Бу ўзгаришлар Ўзбекистоннинг транспорт-логистика соҳасидаги рақобатбардошлигини янада кучайтиради. Аммо ҳали бажарилиши керак бўлган ишлар ҳам кўп.
– Умуман, ташкилотингиз томонидан жорий қилинган «эшикдан эшиккача» тамойили нимани англатади?
Дарҳақиқат, вазифалар доирасида «Темирйўлкарго» турли логистика компаниялари билан ҳамкорликда “эшикдан эшиккача” хизматларини таклиф қила бошлади. “Эшикдан эшиккача” тамойили (инглизча: door to door) – бу юкларни жўнатувчининг манзилидан то олувчининг эшигигача тўлиқ ташиб беришни англатади. Яъни, юк фақат темир йўл орқали эмас, балки бутун ташиш занжири – автомобиль, темир йўл, денгиз ёки ҳаво транспорти орқали етказилади.
Оддий қилиб айтганда, мижоз юкини бир жойга топширади – қолган ҳамма ишни логистика компанияси ҳал қилади: олиб кетади, темир йўл орқали ташийди, керак бўлса, автомобилга юклайди, божхона расмийлаштирувини қилади ва манзилига тўлиқ етказади. Айтайлик, бир компания Тошкентдан Истанбулдаги заводга юк юбормоқчи. “Эшикдан эшиккача” хизмат бўлса, юкни компаниянинг омборидан автомобиль олиб кетади, кейин уни темир йўл орқали Тошкентдан Боку ёки бошқа яқин нуқтагача олиб боради, кейин бошқа транспорт воситаси билан Истанбулга етказади, ва ниҳоят, Истанбулдаги манзилга – завод эшигига топширади.
Мижоз эса фақат бир шартнома асосида хизматдан фойдаланади – орадаги барча босқичлар билан юк ташувчи компания шуғулланади. Бунда мижоз юкни топширади, ташвиш қилмайди, вақт ва харажат тежалади, юк ҳаракати бошидан охиригача кузатиб борилади, масъулият компания зиммасида бўлади. Хуллас, бу хизмат логистикада профессионал ёндашув бўлиб, «Темирйўлкарго» АЖнинг хизмат кўрсатиш даражасини замонавий стандартларга олиб чиқади.
– Юк ташиш хизматлари кўрсатиш бўйича тузилган шартномалар, халқаро ва маҳаллий йўналишларда етказиб берилган юклар ҳақида маълумот берсангиз?
– «Темирйўлкарго» акциядорлик жамияти томонидан юк ташиш хизматлари кўрсатиш бўйича давлат ва хусусий сектор вакиллари, халқаро ҳамкорлар билан бир қатор шартномалар имзоланди. Ушбу шартномалар доирасида юкларни маҳаллий ва халқаро йўналишлар бўйича хавфсиз, тезкор ва самарали етказиб бериш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.
Иш бошлаганимиздан буён умумий қиймати 200 миллиард сўм атрофидаги 500 га яқин шартнома имзоланди. Шартнома доирасида юк эгаларига индивидуал ёндашув асосида хизмат кўрсатиш, қулай тарифлар таклиф этиш ва “эшикдан эшиккача” тамойилига асосланган комплекс логистика ечимлари тақдим этилди.
2024-25 йилларда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ инвентарь паркидан «Темирйўлкарго» АЖ балансига 8 535 дона юк вагони берилди ва ушбу вагонларда маҳалий ва халқаро қатновларда 6,2 миллион тоннадан зиёд юк ташилди. Бунинг натижасида 2024 йилда 109,1 миллиард сўм 2025 йилнинг биринчи чорагида 77 миллиард сўм даромад олишга эришилди.
– Юк ташиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қандай режалар бор?
–Юк ташиш тизимини янада самарали қилиш бўйича «Темирйўлкарго» АЖ томонидан белгилаб қўйилган асосий режаларимиз мавжуд. Мисол учун, саноат зоналари, чегара пунктлари ва йирик шаҳарлар яқинида логистика марказлари ва контейнер терминалларини ташкил этиш, темир йўл + автомобиль + омборхона хизматларини бирлаштирувчи мультимодал хизматларни кенгайтириш, юкларни саралаш ва қайта юклаш жараёнларини автоматлаштириш кабилар шулар жумласидандир.
Шунингдек, рақамли технологияларни тўлиқ жорий этиш – юк буюртмаларини онлайн қабул қилиш, кузатиш ва бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, электрон ҳужжатлар айланиши, шартнома ва тўлов тизимларини автоматлаштириш ҳамда мобиль илова ва шахсий кабинет орқали мижозлар билан интерактив мулоқотни кучайтириш йўлида ҳам муҳим қадамлар мавжуд.
Халқаро ташувлар салоҳиятини ошириш борасида эса Хитой, Россия, Эрон, Туркия, Озарбайжон ва бошқа давлатлар билан логистика ҳамкорликларини чуқурлаштириш,“Хитой – Марказий Осиё – Европа” каби коридорларда юк оқимини ошириш, транзит юклар учун соддалаштирилган тартиб ва тариф сиёсатини жорий қилиш ҳам бу борада кераклидир.
Яна бир мақсадли вазифаларни айтиб ўтишим керак, техник паркни модернизация қилиш – янги турдаги юк вагонлари, контейнер платформалари, музлатгичли вагонларни харид қилиш ҳамда эскирган вагонларни босқичма-босқич янгилаш, техник хизмат кўрсатиш тизимини оптималлаштириш ҳам муҳимдир.
Режалаштириш ва таҳлил қилишни чуқурлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар самарасида юк оқимларини прогноз қилишда Big Data ва AI (сунъий интеллект) технологияларидан фойдаланиш, маршрут ва тариф сиёсатини бозор шароитларига мос ҳолда доимий янгилаб бориш ҳам айни муддао.
Ушбу режалар юк ташиш тизимини рақобатбардош, мижозга йўналтирилган ва барқарор ривожланадиган тизимга айлантиришга хизмат қилади. Бу орқали Ўзбекистоннинг минтақавий логистика марказига айланиши йўлида муҳим қадамлар ташланмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/SoWo5fnSlcU" title="Temir yoʻl: yuk tashish tizimini takomillashtirish boʻyicha vazifalar va natijalar qanday?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>ЎзА мухбири Абдулазиз РУСТАМОВ суҳбатлашди, Дониёр ЯҚУБОВ (видео)