Темир йўл кесишмасига пресс-тур
Йўллар шлагбаумлар туширилиб, бекилади. Оз муддат кутиб қоласиз. Кимдир ишга, яна кимдир бирор муҳим юмуш билан манзилга отланган.
5-6 дақиқага тўсилган йўлдан поезд шовқин солиб ўтиб кетади. Шунда ҳам йўл очилмайди. Бироз кутасиз, тўсиқлар олиб ташланмаганидан баттар хуноб бўласиз. Машина сигналини чаласиз. Очилавермагач, сизга қўшилиб орқадаги машиналар ҳам сигнал чалишади. Ахийри, йўл очилади. Бу жараёнда хаёлингизда йўқотилган вақтни сарҳисоб қиласиз. Аммо...
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги «Ўзтемирйўлназорат» инспекцияси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ташкил этилди.
Тадбирдан журналистлар ва улар орқали кенг жамоатчиликни «Ўзтемирйўлназорат» инспекцияси фаолияти билан яқиндан таништириш мақсад қилинган. Даставвал инспекция биносида «Ўзтемирйўлназорат» инспекцияси фаолияти, функционал вазифалари, ваколатлари тўғрисида ахборот берилди. Пресс-турнинг иккинчи қисми «Салар» ва «Яланғоч» темир йўл бекатлари оралиғидаги қўриқланадиган темир йўл кесишмасида давом эттирилди.
–Четдан қараган кишига ишимиз жуда оддий туюлади, –дейди кесишма навбатчи ходими Қодирали Раҳматжонов. – Аммо ишимиз мураккаб ва масъулиятли. Бунда сониялар инсон тақдирини ҳал қилиши мумкин. Шунинг учун бизда синчковликка алоҳида аҳамият қаратилади. Кесишмамиздан кунига 16-17 маротаба поезд ўтади. Афсуски, йўллар тўсилса-да, тартибларга амал қилмайдиган ҳайдовчилар бор.Улар кутгиси келмайди, айланма йўллар билан кесиб ўтгиси, қоидани бузиб, тезроқ тўсиқдан илдамлагиси келади. Аммо бунда ўзини хавфга қўйиши мумкинлигини билмайди. Узоқдан келаётган поезд ҳайдовчиси қўлимдаги таёқчага рамз солади. Йўлда хавф ёки камчилик бўлса, қизил таёқчани кўтараман. Камчиликлар бартараф этилганидан сўнг поезд манзилга отланади. Йўлда ҳаракатланиш учун бирорта хавф бўлмаса, сариқ таёқча кўтарилади, поезд тўхтамасдан ўтиб кетади.
Темир йўл ҳаракати инсон омили билан боғлиқ бўлганлиги учун назоратга муҳтож.
Мутахассислар ультра товушли махсус аравача ёрдамида темир йўл рельсларининг сифатини аниқлаш, кесишма навбатчисининг вазифаси нималардан иборат эканлиги тўғрисида тушунчалар беришди.
Дилобар Маматова, ЎзА