Бугун ахборот асрида яшаяпмиз. Қўлимиздаги телефон орқали интернетга уланиб, истаган маълумотни олишимиз мумкин. Айниқса, ёшлар ижтимоий тармоқларда жуда фаол. Бу яхши, аммо айримлар ғаразли ниятларини глобал тармоқ орқали амалга ошираётганлиги кишини огоҳликка ундайди.
Диний-экстремистик оқимлар учун ўз мақсадларини амалга оширишда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, интернет, ижтимоий тармоқ сайтлари орқали тарғибот олиб бориш ва пухта ишланган стратегия асосида виртуал жамоатлар тузиш асосий вазифалардан бирига айланган. Улар томонидан олиб борилаётган тарғибот ёшларнинг сохта ғояга алданиб қолиши, юрт равнақи йўлидаги фаолиятдан чалғиши, жамиятдаги маънавий-руҳий муҳитнинг бузилишига сабаб бўлмоқда. Билимсиз, ўз мустақил фикри эга бўлмаган айрим ёшлар уларнинг қармоғига илиниб қолаётганлиги ташвишланарлидир.
Фарғона вилояти Бешариқ туманида яшовчи Абдуллоҳ Солиев эндигина 18 ёшни қарши олмоқда. Ҳаётнинг оқу қорасини ҳали яхши танишга улгурмаган бу йигит диний қизиқиши боис ижтимоий тармоқлар орқали турли ахборотларни излай бошлади. Юртимизда тақиқланган диний маърузаларни эшитиш баробарида уни телефонига сақлаб олади. Дадасининг уяли телефонидан фойдаланган ҳолда телеграммда алоҳида гуруҳ ташкил қилиб, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган диний мазмундаги материалларни тарқатган. А.Солиев ёзишмалар олиб бориб, ижтимоий тармоқлар орқали юклаб олган диний мазмундаги маъруза ва видеоларни ўзи ташкил қилган телеграмм каналига жойлаштиради. Афсуски, у бу ишларни вояга етмаган даврида содир этганлиги маълум бўлди.
Ҳолат юзасидан А.Солиев томонидан фаоллаштирилган “Musulmon birodarla” номли телеграмм гуруҳга юборилган диний мазмундаги материалларни ўчириб юборилган 8 ГБ хотирали микрочипни мутахассислар томонидан тиклаш ишлари давомида жами 21,9 ГБдан иборат файллар тикланган. Мазкур файлларни кўздан кечириш давомида асосан диний мазмундаги материаллар эканлиги маълум бўлган. Тайинланган судга оид адабиётшунослик экспертизасининг хулосасида унга тегишли бўлган кичик хотира қурилмасидан тикланган диний мазмундаги материаллар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилганлиги, уларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланганлиги кўрсатиб ўтилган.
Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман суди томонидан кўриб чиқилди. Суд А.Солиевни қилмишидан пушаймонлигини, ёш эканлигини ҳисобга олиб, озодликни чеклаш жазосини тайинлади. Унга нисбатан қўлланилган “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси бекор қилиниб, суд залида озод қилинди. Шу билан бирга, интернетдан фойдаланмаслик тарзидаги бир қатор қўшимча чеклашлар юклатилди.
М.СУЛАЙМОНОВ, ЎзА