Кундалик ҳаётимизни бу неъматсиз тасаввур қилолмайдиган нон маҳсулотларини тайёрлаш учун одамлар дон маҳсулотларини қайта ишлашда ёрмачоқ қўл тегирмони, ёғочдан тайёрланган ўғир, сув тегирмонларини кашф этган.

 Ун тайёрлаш илмининг ривожланиб бориши билан сув тегирмонлари ўрнини йирик қувватли корхоналар эгаллади. Қўлбола тегирмонларга эҳтиёж қолмади. 

Бироқ, Сурхондарё вилоятининг тоғли туманларида ҳали ҳам ўтмишдаги аждодларимиз ақлу-заковати билан яратилган сув тегирмонларини ишлатиб, ота-боболари касбини улуғлаб келаётган, аҳолини юқори калорияга эга ун билан таъминлаётган тегирмончилар бор. 

Бойсун туманидаги Темир дарвоза маҳалласида яшайдиган Чоршанби Мажидовнинг Дарбанд дарасидаги сув тегирмонини қайта тиклаб, ун ишлаб чиқараётганига 13 йил бўлмоқда.

– Бу тегирмонни отам Зайниддин Мажидов кўп йиллар ишлатган эди, –дейди Ч.Мажидов. – Тегирмончиликнинг сир-асрорларини отамдан ўргандим. Ўз даврида отамнинг оналари Ойнахол момо ҳам тегирмончи бўлиб, нон жуда ширин бўлган оғир йилларда фарзандларига шу касб орқали ризқ улашган. Момомиз даранинг юқорироғида қурилган сув тегирмонини ишлатиб, элда обрў-эътибор қозонган. Мен ишлатаётган тегирмоннинг барпо этилганига ҳам ўттиз йилдан ошди. Эскириб, бир муддат ишламай қолгач, уни қайта таъмирладим. Тошларини алмаштирдим. Ҳозир бир соатда 50 килограмм дон маҳсулотини майдалаб, ун чиқариб беради. 

Моҳир тегирмончининг айтишича, тегирмон қадимдан босим билан келадиган сув устига қурилади. Донни қайта ишлаш учун сув, чархпалак ва тошдан фойдаланилади. Бунда тол ёғочга ўрнатилган чархпалак босимли сув ёрдамида тошни айлантириб, донни янчади. Бир хил навдаги ун чиқаради. Агар икки тошнинг ораси тегирмонга ўрнатилган махсус ёғоч дастак билан озгина  очилса, ун эмас, чала майдаланган ёрма чиқа бошлайди. 
– Ҳозирги замонавий дон маҳсулотлари корхоналарида қайта ишланаётган буғдой билан сув тегирмонида янчиладиган дон унининг қандай фарқи бор? – сўраймиз тегирмончидан. 

– Электр энергияси билан тез ишлайдиган корхоналарда майдаланган буғдой озгина куйиб таркибини ўзгартирадими, таъми сув тегирмон унидан фарқ қилади. Бир неча навдаги унни ишлаб чиқарсада, дон жуда майдаланганидан бу уннинг кепаги ҳам бўлади. Сув тегирмон чархпалаги эса бир меъёрда айланиб, донни секин янчади. Бир хил навли ун тайёрлайди. Кепак чиқармайди. Яна бир фарқини айтадиган бўлсам, эътибор берган бўлсангиз, электр энергияси ёрдамида ишлаб чиқарилган ун нони тез қотиб қолади. Сув тегирмонники эса ўн-ўн беш кун турса ҳам қотмайди.

 Қотиб қолганини совуқ сувга бир солиб олсангиз, дарҳол ивийди. Мазаси ҳам бўлакча. Биз тарафларда сув тегирмони нонини, айниқса, ошқозон ва қандли диабет касалликларига шифои комил, дейишади. Бу гапда жон бор. Чунки, ошқозонга ботмайди, тез ҳазм бўлади. Афсуски, тегирмонлар йўқолиб, бу касб эгалари ҳам ноёб бўлиб қолди. Мана, маҳалламизда яна бир тегирмон сақланиб қолган. Уни Гулнора Ҳамрақулова, деган аёл ишлатади. Бузилиб қолса мендан бошқа тузатиб берадиган одам йўқ. Бундан ташқари, шу яқин атрофдаги қишлоқларда сув тегирмонини учратмайсиз. Илгари бўлганлари ҳам бузилиб кетган. 

Аждодлари касбини давом эттириб, элни сув тегирмонда янчилган ун билан таъминлаётган Чоршанби Мажидовни мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор фаолиятини кенгайтиришга ундади. Чунки, сўнгги йилларда унинг сув тегирмони ёнидан ўтиб, гўзал табиат манзараларига, Дарбанд дараси, Хўжамайхона зиёратгоҳи, Мачай, неандертал одам қолдиғи топилган Тешиктош ғорларига саёҳатга чиқаётган маҳаллий ва хорижлик туристлар сафи кенгайиб бормоқда.

 Лўнда қилиб айтганда, икки тарафи осмонўпар тоғлар билан қопланган дара йил ўн икки ой серқатнов йўлга айланмоқда. Бу имкониятдан фойдаланишни кўнглига туккан Ч.Мажидов сув тегирмони ёнида новвойхона барпо этиб, йўловчи ва сайёҳларни тегирмон унидан тайёрланган ширмой нон билан меҳмон қилишга киришди.
– Баъзан дон янчаётганимда айрим йўловчилар тўхтаб, тегирмоннинг ишлаш жараёнини кузатади. Чархпалакнинг айланиши ва чиқаётган унни мириқиб томоша

қилади, – дейди тегирмончи. – Тегирмонимиз, айниқса, чет эллик йўловчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Нонининг таъмини сўрайдиган меҳмонлар кўпаймоқда. Бу йил “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали ўтказилишини эшитиб, шу ишни бошладим. Ўша кунлари албатта, бу йўлдан кўплаб сайёҳлар ўтади.

 Энди ўзим ишлаб чиқараётган уннинг бир қисмини шу ердаги тандирда ёпмоқчимиз. Арзон, хуштаъм нонимиз мазаси биз тарафларга келаётган меҳмонларга ёқиб қолишига, татиб кўргач, харид қилишига ишонаман. Новвойхонани ишга тушириб олгач, туристларнинг сой бўйидаги соя салқин мана бу жойда нафас ростлаши учун чиройли безатилган қадимий ўтов ўрнатмоқчиман. Келгусида хушманзара тоғлар қўйнида тунаб қолиш истаги бўлган йўловчилар учун барча қулайликларга эга меҳмон уйлари қурмоқчиман. Қишлоғимизнинг миллий ҳунармандчилиги, қадрият ва урф-одатлари билан таништирмоқчиман. 

Ноёб касб эгасининг бу орзу-интилишлари қадимий воҳада яна бир туристик янги лойиҳа яратаётгани билан ҳам аҳамиятли бўлмоқда.

[gallery-6882]

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, 
ЎзА мухбири

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тегирмончи Чоршанби Мажидов: “Сув тегирмони нони ошқозон ва қандли диабет касалликларига шифои комил, дейишади”