
Мамлакатимиз театрларининг халқаро ҳамкорлигини янада кенгайтириш ва кучайтириш масаласига доимий эътибор қаратилмоқда. Бу эса ёшлар билимини бойитиб, уни янада кенгайтириш билан бирга юртимизнинг санъат йўналишидаги олий таълим даргоҳлари, театр жамоалари ҳақида хорижликларга батафсил маълумот беришда ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Шу йилнинг 22-28 ноябрь кунлари мамлакатимизда Россия Федерациясининг етакчи театршунос олими, моҳир журналист ва ёзувчи Александр Минкин меҳмон бўлди. Айни пайтда у Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида талабалар учун туркум маҳорат дарслари, ўқув-семинарлар, тренинглар ўтказди.

Россиялик театршунос пойтахтимиздаги бир қатор театр жамоалари фаолияти билан ҳам батафсил танишди. Жумладан, “Дийдор” театр-студияси, унинг изланувчан, янгиликка интилувчан жамоаси россиялик меҳмонда унутилмас таассурот уйғотди.
Мазкур жамоанинг тожикистонлик режиссёр Барзу Абдураззоқов ҳамкорлигида саҳналаштирилган “Капалак туши” номли янги спектакли хорижлик меҳмонни ҳайратга солди.

– Бугунги мураккаб даврда, ахборот бўҳронлари кучайган глобаллашув даврида юртингиз театрлари ўз қиёфасини сақлаб қолгани диққатга сазовор, – деди Александр Минкин. – Қадрдон дўстим, Ўзбекистон халқ артисти, бетакрор санъаткор Баҳодир Йўлдошев театрида “Капалак туши” спектаклини томоша қилдим. Бу саҳна асари менда унутилмас таассурот қолдирди. Ушбу спектакль орқали англадимки, ўзбек театр жамоалари ўз анъаналарига содиқ қолган ҳолда уни жаҳоннинг энг илғор театр йўналишлари билан бойитган ҳолда дадил изланмоқдалар.
Н.Усмонова,
ЎзА