Наманган театри тарихига бир назар
Театр кишига ҳаётий сабоқ берувчи мактаб, ахлоқни юксалтирувчи эзгулик булоғи, маънавият ошёнидир. Бинобарин, театрни маърифатпарвар аллома, атоқли жадидчи Маҳмудхўжа Беҳбудий “Театр ибратхонадур”, дея атаган бўлса, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бу тарбия масканини “Маънавият ўчоғи”, дея таърифлайди.
Наманган вилояти мусиқали драма театрининг тарихи ХХ асрнинг йигирманчи йилларидан бошланган. Вилояти театри 1931 йилда ташкил этилиб, унга 1936 йилда буюк аллома Алишер Навоий номи берилган.
Театр санъати яловбардори, собиқ иттифоқ халқ артисти Раззоқ Ҳамроев “Ҳаётим мазмуни” китобида ўзининг билим юртини тамомлагач, йўлланма билан Тошкентдан Наманган шаҳрига юборилгани, истеъдодли ёшлардан иборат драмтўгаракда қатнашиб юриб, ижодий фаолиятини Наманган театрида бошлаганини ёзади. Ўшанда ташаббус кўрсатиб, ўн саккиз нафар муаллимдан иборат драмтўгарак қатнашчилари Ҳамзанинг “Туҳматчилар жазоси” асарини саҳналаштиришганлигини қайд этган.
Ҳаваскорлик тўгараклари ва ярим профессионал труппалардан иқтидорли ёшлар жалб этилиб, таркиби қирқ нафардан зиёд труппа 1931 йил 15 июнда ҳаваскор ижодкор қаламига мансуб колхоз тузилиши мавзуидаги уч пардали “Интилиш” мусиқали спектаклини саҳнага олиб чиқади. Раззоқ Ҳамроев саҳналаштирган асар мусиқаларини Уста Рўзиматхон Исабоев басталаган эди. Наманган вилояти театрининг машаққатли ижод йўли айни шу спектакль билан бошланган.
1930-1939 йиллар жамоа ижодида яна бир поғонага ўсиш кўзга ташланади. Иккинчи жаҳон уруши йилларида эса театр ўз қошидаги концерт бригадалари билан ҳарбий қисмлар, фронтга жўнаётган чақирилувчиларга фаол хизмат кўрсатишдан ташқари, саҳнада қаҳрамонлик – ватанпарварлик руҳидаги Собир Абдулла ва Чустийнинг “Қурбон Умаров”, Георгий Мдиванинг “Фронт бўйлаб янграр буйруқ”, Иззат Султоннинг “Бургутнинг парвози” каби ўткир сиёсий мушоҳадали, инсон қудратини улуғловчи, Ватан озодлиги учун курашга чорловчи спектакллар намойиш этди.
Театр репертуари урушдан кейинги йилларда Абдулла Қаҳҳорнинг “Шоҳи сўзана”, Ботир Раҳмоновнинг “Юрак сирлари” сингари спектакллари билан янада бойиди. Айниқса, 1954 йилда “Отелло”нинг Наманган театрида қўйилиши ижодий жамоанинг зўр журъатидан далолат берган эди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Александр Хачатуров бош режиссёр қилиб тайинланган даврдан бошлаб театр ижодий фаолиятида янги қирралар пайдо бўлди. Мукаррама Азизова, Маърифат Убайдуллаева, Собир Раҳмоний, Хабиба Охунова, Маматхон Убайдуллаев, Камолиддин Раҳимов, Ўринбой Нуралиев, Турсуной Мамедова, Онахон Тожибоева, Рустам Ҳамрақулов, Уста Рўзиматхон Исабоев, Карим Йўлдошев сингари ўнлаб ижодкорлар Наманган театри саҳнаси орқали миллий театримиз санъати ривожига муносиб ҳисса қўшдилар.
Театр мустақиллик йилларида янада гуллаб- яшнади. 1998 йилда Андижонда бўлиб ўтган “Андижон баҳори” Республика театрларининг фестивалида Наманган театри “Усмон Носир қаерда?” драмаси билан иштирок этиб, совриндорлар сафидан ўрин олди. 2001 йили Тошкентда ўтказилган “Классик асарлар Республика фестивали”, Ёш ижодкорларнинг режиссёрлик, драматургия, актёрлик ва сценография йўналишлари бўйича “Дебют-2006”, “дебют-2008”, “дебют-2018” республика кўрик-танловларида жамоа фахрли ўринларни эгаллади. “Сени куйлаймиз, замондош!” Республика театр санъати фестивалининг 2011, 2017 йил босқичларида эътироф қозонди.
- Сўнгги йилларда катта саҳнамизда намойиш этилган Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёр”, Ўлмас Умарбековнинг “Виждон амри”, Ўткир Ҳошимовнинг “Тўйлар муборак”, Асрор Самаднинг “Соҳибқирон Амир Темур”, Охунжон Ҳакимнинг “Бу чоллар ёмон чоллар”, Нурулло Аббосхоннинг “Ибрат”, Шуҳрат Ризаевнинг “Она”, француз комедиографи Жан Батист Мольернинг “Скапеннинг найранглари”, Антон Чеховнинг “Айиқ”, Иқбол Мирзонинг “Усмон Носир” асарлари асосидаги спектакллар Наманган театри довруғини кенг ёйди,--- дейди Наманган вилояти мусиқали драма театри директори Нозимжон Тошпўлатов. -- Бугунги кунда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар - Карима Расулова, Алижон Тожибоев, Меҳри Абдуллаева, Азизахон Каримова, “Шуҳрат” медали” соҳибаси Дилфуза Қодирова, “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони соҳиблари Мирмаҳмуд Мусабоев, Баҳодир Жўраев, Авазбек Қодиров, Аброр Муҳиддинов ўз касбининг фидойилари, эл эъзозидаги устозлар Маъруфжон Ниёзов, Ҳамиджон Маллабоев сингари етук ва иқтидорли санъаткорлар ўз сафларига таълим даргоҳларидан келиб қўшилган Нуриддин Исмоилов, Зайниддин Қирғизов, Асила Аҳмедова, Элёр Охунов, Равшаной Режаббоева, Дилдора Аҳмедова, Раҳматулло Ғайбуллаев каби ёш истеъдодларга саҳна санъати сирларини ўргатиб, “Устоз-шогирд мактаби” анъаналарини давом эттирмоқда.
- Президентимиз раислигида 2023 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида тўққизта йўналишда муҳим ташаббуслар илгари сурилиб, биз ижодкорларнинг олдига қатор вазифалар белгилаб берилди, -- дейди театр санъаткори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алижон Тожибоев. – Театр санъатини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқиладиган дастур асосида энг яхши пьесалар учун ижодий буюртма бериш, ижодий ва ёрдамчи ходимларнинг чет эл театрларида маҳоратини ошириш, ёш режиссёрларни қўллаб-қувватлаш учун Маннон Уйғур номидаги мукофот таъсис этилиши театр санъати оммалашиши, ижодкорларни рағбатлантиришга хизмат қилади. Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг таклифи билан корхона ва муассасаларда ойнинг бир куни “Театр куни” деб белгиланиб, ходимларнинг театрларга бориши йўлга қўйилгани айни муддао бўлди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда Наманган вилояти мусиқали драма театрида ижодий жараён ҳар қачонгиданда қизғин. Бугунги кун қаҳрамонларининг ёрқин ҳаёти акс этган жозибали асарлар саҳналаштирилмоқда, юксак маънавиятли баркамол авлод маънавиятини шакллантиришга хизмат қиладиган спекталлар намойиш этилмоқда, актёр ва санъаткорларнинг юбилейлари, ижодий учрашувлар ўтказилмоқда.
Айниқса, драматург, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Шуҳрат Ризаевнинг “Она” драматик ривоятига ёзилган “Она” спектаклининг тақдимоти санъатсеварлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Дунёда оналарга берилган таърифу тавсифларнинг сон-саноғи йўқ. Улар орасида турли халқлар, элатлар яратган мақол, ўгит, панд-насиҳатлар талайгина. Лекин Шуҳрат Ризаев назарига тушиб, асар ҳолига келтирилган “Она”да яна бир қирра намоён бўлади. Бу – онанинг қаҳри. Қаҳрда ғазаб, нафрат, интиқом бўлсагина, у даҳшатли кучга эга бўлади. Бундай куч қаршисида ҳар қандай ғаним мағлуб бўлади. Ватан мустақиллиги йўлида ғов бўлган нобакор ўғилни йўлдан олиб ташлаш учун аёлда, айниқса, онада қандай куч бўлиши мумкин?!
Драматург Шуҳрат Ризаев ўз асарида оналарнинг меҳри, бардоши, иродасининг чегарасини батафсил тасвирлаган. Асар давомида она фарзандини бу жирканч йўлдан қайтариш учун барча босқичларни босиб ўтади. Яхши гапиради, тушунтиради, насиҳат қилади. Бу нарсалар ўғилга мутлақо таъсир қилмайди.
Ўғил охирги учрашувда эртасига кулини кўкка совурмоқчи бўлган қалъа ўзининг ота-боболари ётган мозор, гўдаклигида ялангоёқ юриб яйраган, ўспиринлигида гўзал қизлар юрагига ўт ёққан гўшаларда ҳаёт кечираётган ёр-оғайни, қариндош-уруғлари макони -- Ватани эканлигидан сесканмай, совуқ ҳанжарини қайраётган ўғилнинг турқу тароватидан ҳанг-манг бўлган она сўнгги қарорни қабул қилади. Тиззасига бош қўйиб ухлаётган ўғилнинг кўксига ҳанжар уради. Она ўзининг юрагидан яратган ўғлининг юрагини қийналмай топади... Мазкур асарга вилоятдаги соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа тизимдаги ташкилотлар жамоа бўлиб, ташриф буюриб, завқ билан томоша қилганликларини қайд этиб ўтиш жоиз.
Қолаверса, 27 март “Халқаро театр куни” байрами муносабати билан ташкил этилган “Театр томошалари ҳафталиги” доирасида рассомлар кўргазмаси, спектакллар ва концерт дастурлари намойиши, тақдирлаш маросими, “Очиқ эшик кунлари” ташкил этилди. Айниқса, ўзининг узоқ йиллик самарали меҳнатлари натижасида театр санъатига катта ҳисса қўшган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист -- Карима Расулова ҳамда устоз санъаткор Мирмамит Мусабоевнинг ижодий фаолиятига бағишланган бадиий-мусиқали тадбирлар театр шинавандларига манзур келди.
Дарвоқе, Наманган вилояти мусиқали драма театри жамоаси Президентимизниниг 2022 йил 2 февралдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора – тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида, ўтган йилнинг октябрь ойида ижодий сафар билан Озарбайжон Республикасига борди. Боку шаҳридаги Озарбайжон давлат академик мусиқали драма театри саҳнасида наманганлик ижодкорлар “Бу чоллар --ажиб чоллар” комедия жанридаги спектаклни қардошларимизга ҳавола қилишди.
Ўзбек театр санъатини ҳорижга олиб чиқиш, уни тарғиб қилиш баробарида туркий забон миллатлар ўртасидаги миллий маданият ва санъат соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган мазкур сафарда икки томонлама ҳамкорлик ва дўстлик алоқаларини кенгайтиришга келишиб, Озарбайжон давлат академик мусиқали драма театри жамоасини гуллар шаҳри Наманганда дийдорлашишга таклиф этилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири