ТДШУга Олимпиада чемпиони ташриф буюрди
Тошкент давлат шарқшунослик университетига Япониянинг Ирё Сосей университети вице-президенти, Олимпия ўйинлари ғолиби Нобутака Тагучи ташриф буюрди.
Учрашувда ТДШУ раҳбарияти меҳмонни университет фаолияти, японшуносликнинг 30 йиллик ривожланиш тарихи ҳамда Япония олий таълим муассасалари билан бугунги кундаги ҳамкорлик жараёни билан таништирди.
Нобутака Тагучи ТДШУда Марказий Осиёдаги ягона “Японшунослик” факультети фаолият олиб бораётганидан жуда мамнун эканини ҳамда японшунослик соҳасида амалга оширилаётган ишлар мамлакатларимиз алоқалари ривожланишида муҳим ўрин тутишини алоҳида қайд этди.
Шу билан бирга Япониянинг “Аоикай Групп” корпорацияси ҳамда корхона таркибидаги Ирё Сосей университети ҳақида меҳмон томонидан атрофлича маълумот берилди. 1978 йилда ташкил этилган, таркибида 15 компанияни бирлаштирган, 15 минг ходим ишлайдиган мазкур корпорация 130 дан зиёд шифохона, қариялар уйи, университет, коллеж, макатбгача таълим муассасалари ҳамда меҳмонхоналар, спорт мажмуалари ва бошқа объектлардан иборат.
Учрашувда япон адабиёти намуналарини ўзбек тилига ўгириш, японшунослик соҳасида илмий-тадқиқот ишларини молиялаштириш имконияти ва истиқболи муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси ва Япония ўртасида дипломатик алоқа ўрнатилганининг 29 йиллиги муносабати билан 2021 йил 23 февраль – 2 март кунлари ТДШУда ҳамкор Япония олий таълим муассасалари билан илк бор “Японшунослик ҳалқаро ҳафталиги” ўтказилади. Шу муносабат билан меҳмон мазкур ҳафталик дастури билан таништирилди.
Нобутака Тагучи “Японшунослик” факультети кутубхонаси адабиёт фондини кўздан кечирди ҳамда талабаларни Ирё Сосей университети фаолияти билан таништириб, ўз ҳаёти мисолида ютуққа эришиш сирлари билан ўртоқлашди.
Маълумот ўрнида: Нобутака Тагучи 1972 йил Мюнхен Олимпиадасида сузиш бўйича чемпионликка сазовор бўлган, кўплаб бошқа халқаро мусобақалар ғолиби сифатида Гиннес рекордлари китобига ва Халқаро сузиш шон-шараф залига киритилган.
Элёр Маҳмудов
ТДШУ халқаро ҳамкорлик бўйича проректори