2021 йил 4 ноябрь куни Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) президенти Шиничи Китаока "JICA Chair" лойиҳаси доирасида ТДШУ японшунослик факультети талабалари ва ўқитувчиларига "Меижи инқилоби: кенг кўламли модернизациянинг бошланиши" мавзусида онлайн маъруза ўқиди.
JICA раҳбарияти билан бундай учрашув Марказий Осиёда илк маротаба ўтказилмоқда. Унда Ўзбекистон вазирлик ва идоралари вакиллари, дипломатик ваколатхона раҳбарлари, JICA ходимлари, олий ўқув юртлари талабалари иштирок этди.
Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги раҳбариятига университетда японшунослик соҳаси ривожига қаратаётган эътибори учун миннатдорлик билдирди.
"JICA Chair" лойиҳаси доирасида ТДШУда японшунос талабаларга дарс машғулотлари йўлга қўйилгани, мазкур дарсларда мамлакатимиз бошқа олий таълим муассасалари талабалари ҳам иштирок этаётгани бунинг яққол далилидир.
Университетда японшунослик соҳасини ривожлантиришда JICA волонтёрлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида Япония Халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Миязаки Сугуру иқтисодиёт йўналишида ТДШУ талабаларига маърузалар ўтган эди.
ТДШУда япон тилини ўрганиш мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидаёқ бошланган бўлиб, у таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг бошқа соҳаларидаги алоқалар учун мустаҳкам замин ҳозирлагани бор ҳақиқат. Японшунос профессор-ўқитувчиларнинг чорак асрдан кўпроқ вақт мобайнидаги астойдил меҳнати эвазига япон тили ва адабиётини таълимга жорий қилиш учун ўқув ва ўқув-услубий база яратишга муваффақ бўлинди. Ана шу даврда ТДШУдан япон тили ва адабиёти, Япония иқтисодиёти, тарихи, фалсафаси, сиёсати ва мамлакатшунослиги бўйича минглаб малакали мутахассислар етишиб чиқди.
Сўнги йилларда мамлакатимизда японшунос кадрларга эҳтиёж ортиб бораётгани боис 2019 йил университетда японшунослик факультети ташкил этилди. Мазкур факультетда 2 та кафедра мавжуд, уларда япониялик мутахассислар ва Японияда магистратура ва докторантурада таҳсил олган ватандошларимиз ишлайди.
"JICA Chair" лойиҳаси доирасида ташкил этилаётган маърузалар талабаларнинг японшунослик бўйича янада чуқур билим олиши ва келгусида JICA ташкилоти билан янги лойиҳалар устида ишлашига замин яратади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов ўтган йил Токиога ташрифи чоғида JICA ташкилоти президенти билан “JICA Chair” лойиҳасини ТДШУда амалга оширишга келишиб олган эди.
ЎзА