Тазйиқ ва зўравонликка йўқ деймиз
Бухорода “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг ижроси масаласига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази, Франция техник ҳамкорлик ва тараққиёти агентлиги АСТЕD нинг мамлакатимиздаги филиали ва бир қатор ташкилотлар томонидан ўтказилган тадбирда давлат органлари, нодавлат ташкилотлар, хусусий сектор вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Давра суҳбатида вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Феруза Ибрагимова қатнашди.
Таъкидланишича, вилоятда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ҳамда давлат бошқарувида иштирокини ошириш мақсадида 4 мингдан зиёд фаол хотин-қизлардан иборат кадрлар захираси шакллантирилган. Ҳозирги кунда уларни турли раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш бўйича тизимли ўқувлар ташкил этилмоқда. 1 нафар аёл ички ишлар бошқармаси тизимида, 1 нафар аёл ҳоким лавозимида фаолият кўрсатиб келмоқда. 2 минг нафардан ортиқ хотин-қизлар турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда.
Бугунги кунда вилоятда 24 нафар Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, 38 нафар “Маҳалла ифтихори”, 30 нафар “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланган аёллар турли соҳаларда фаолият кўрсатмоқда. Фаол хотин-қизларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасида “Аёллар клуби” фаолияти йўлга қўйилган.
2019 йил декабрь ойида Парламентга ва маҳаллий кенгашларга ўтказилган сайлов натижаларига кўра вилоятда Олий Мажлис ҳамда маҳаллий кенгашларга 117 нафар аёллар депутатликка сайланган. Шундан, 3 нафари Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, 19 нафари вилоят, 98 нафар аёл шаҳар ва туманлар халқ депутатлари кенгашига сайланган.
Вилоятдаги раҳбар аёллар, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари ва бошқа давлат мукофотлари билан тақдирланган фаол хотин-қизлардан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилган. Тузилган ишчи гуруҳи томонидан 800 дан ортиқ оилалардаги 951 нафар хотин-қизлар билан жамиятда уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича тушунтириш, тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари томонидан хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, карантин даврида бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ўртасида “Бувижоним либослари” кўрик-танлови ҳамда умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим тизими талаба-қизлари ўртасида “Мен ўзбек қизиман” мавзусида онлайн кўрик-танловлар ташкил этилган.
[gallery-2490]
Вилоятда Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган 24 нафар хотин-қизларнинг ҳар бирига 10 тадан иқтидорли ҳамда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка мойиллиги бўлган қизлар бириктирилган. Улар билан мунтазам тизимли ишлар олиб бориш йўлга қўйилган.
– Давра суҳбатининг асосий мақсади фуқаролик жамияти институтлари ва давлат ҳокимияти органларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, – дейди Республика Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш марказининг гендер масалалари бўйича эксперти Венера Эрметова. – Идоралараро ҳамкорликни ривожлантириш, гендерга асосланган зўравонлик муаммосини ҳал қилишда ягона ёндашувни ишлаб чиқиш, гендер зўравонликка қарши курашнинг мавжуд механизмларини оптималлаштириш мақсадида қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат. Лойиҳа Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Фарғона вилоятларида амалга оширилмоқда.
Вилоятда оиладаги зўравонликка жавобан чораларнинг амалга оширилиши: муаммолар ва ечимлар мавзусида вилоят ички ишлар бош бошқармасининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари, хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими бошлиғи, подполковник Дилфуза Шаропова ахборот бериб ўтди.
Унда вилоятда хотин-қизларга берилган ҳимоя ордери тўғрисида тушунчалар бериб ўтди. Шунингдек, зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари фаолияти ҳақида тўхталиб ўтди. Мазкур марказларга оилада зўравонликка учраган фуқаролар мурожаати қай тартибда амалга оширилиши билан давра суҳбати қатнашчиларини таништирди. Марказларда кўрсатилаётган ҳуқуқий, психологик, тиббий, моддий ёрдам ҳамда касбга йўналтиришлар бўйича олиб борилган ишлар тўғрисида ҳам маълумот берилди.
Кун тартибидаги мавзу юзасидан йиғилганларнинг таклиф ва тавсиялари ишлаб чиқилди.
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА