Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьялари томонидан Янгиҳаёт туманидаги “Ташаббус”, “Янгиҳаёт”, Сирғали туманидаги “Суғдиёна” ва Яккасарой туманидаги “Яккасарой” МФЙларида хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш масалалари бўйича учрашувлар ўтказилди.
Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар қилди.
Янгиҳаёт туманидаги “Ташаббус” МФЙда ўтган давра суҳбатида фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судининг судьяси Фарход Шарипов учрашув аввалида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар, уларнинг мазмун-моҳиятини йиғилиш қатнашчиларига атрофлича тушунтириб берди.
— Инсон ҳуқуқ ва эркинлкларини таъминлашда Конституциянинг “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатлари” деб номланган 10-боби муҳим аҳамиятга эга. Чунки, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳаётдаги рўёби, уни ишончли амалга оширилиши мураккаб жараён ҳисобланади. Истиқлолнинг асл моҳияти – инсонни ва унинг ҳаётини улуғлашдир. Бош Қомусимизнинг 13-моддасида Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний қадриятларга асосланиши, инсон ва унинг ҳаёти, эркинлиги шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги қатъий белгилаб қўйилган. Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятни қуриш кўп жиҳатдан ҳуқуқий таълимнинг муваффақиятли амалга оширилишга боғлиқ, — дея ҳуқуқий билимларни кенг тарғиб қилиш ва сиёсий-ҳуқуқий маданиятни уйғунлаштириш, инсон ҳуқуқлари устувор бўлган жамиятни барпо этишда ҳамда фуқароларининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади Фарход Шарипов.
Шунингдек, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Салима Ишанкулова, ФИБ Яккасарой туманлараро суди раиси Ғайрат Эргашев, суд раиси ўринбосари Элвира Хамраева, судьялар Шароф Мўминов, Зиёдахон Солиева, Фарход Шарипов, Азиз Рахмонов кун тартибидан ўрин олган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти, давлат органларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари хусусида ҳам тўхталиб ўтишди.
Хусусан, мазкур Қонуннинг мақсади хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат эканлигини, жисмоний зўравонлик деганда хотин-қизларга нисбатан оғирлиги турли даражада бўлган тан жароҳатлари етказиш, хавф остида қолдириш, ҳаёти хавф остида қолган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, зўравонлик хусусиятига эга бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этиш, жисмоний таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказишнинг ўзга чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги ҳамда қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ва эркинликларига тажовуз қиладиган зўравонлик шакли эканлигини, зўравонлик бу хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали уларнинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик)дан иборат бўлишини, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи бу ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилиши таҳдиди остида бўлган ёки тазйиқ ва зўравонлик натижасида жабрланган аёл жинсидаги шахс бўлиши мумкинлиги ҳақида тушунча берилди.
— Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи қатор ҳуқуқларга эга, яъни, ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисидаги ариза билан тегишли ваколатли органларга ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиши, махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали текин ҳуқуқий маслаҳат, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш, ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда эса уларни бу ҳақда хабардор қилиш, содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсация қилиниши тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этганда давлат божи тўлашдан озод қилинади, — дейди ФИБ Яккасарой туманлараро суди раис ўринбосари Элвира Хамраева.
ФИБ Яккасарой туманлараро суди судьяси Зиёдахон Солиева кун тартибидаги галдаги масала – “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятинини тушунтириб берди:
— Жумладан, демократик қадриятлар қарор топиб бораётган бир вақтда давлат хизматчилари томонидан порахўрлик, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этилиши ҳокимиятнинг обрўсизланишига, давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етишига, натижада амалдаги ҳокимиятга нисбатан норозиликка сабаб бўлади. Коррупциянинг маълум бир мамлакатда ривожланиши эса ўша давлатнинг таназзулига олиб келади. Коррупция ҳаракатларига: амалдор, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, суд, солиқ, божхона, таълим, тиббиёт ёки маъмурий муассасалар, шунингдек, ҳар қандай хусусий корхонанинг мансабдор шахсига пора бериш, маҳаллий ёки чет эл амалдори ва халқаро ташкилот амалдорини пора бериш орқали сотиб олиш, давлат мансабдор шахси томонидан мулкни талон-торож қилиш, ғайриқонуний ўзлаштириш ёки ундан ташқари бошқа мақсадда фойдаланиш, шахс томонидан шахсий бойлик орттириш ёки учинчи шахснинг бойиши мақсадида ўз обрўси ёки хизмат мавқеидан фойдаланиш, коррупция ҳаракатларидан даромад олиш, ошна-оғайнигарчилик ёки уруғ-аймоқчилик мисол бўла олади, — дейди судья.
Шуни айтиш мумкинки, бугунги глобаллашув даврда давлат ва жамиятнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланишига тўсиқ бўлиб келаётган коррупция деб аталмиш салбий иллатнинг мавжудлиги барчамиз учун фавқулодда ҳолат, деб баҳоланмоғи керак.
Учрашувларда судьялар томонидан фуқароларнинг судга мурожаати бўйича қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришлар тўғрисида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
ЎзА