Зўравонлик ва тазйиқ эпидемия сингари ўзларининг жабрдийдаларини қандайдир муайян ижтимоий ёки этник гуруҳлардан танлаб олмайди, у аҳолининг турли қатламларида мавжуд.
Зўравонликнинг тез-тез қайтарилиши бизга яхши маълум бўлган зўравонликнинг биринчи босқичи бошланганлигидан далолат беради.
Масалан, оиладаги зўравонлик хавфи ва унинг таъсири кўлами тўғрисида гапирилганда, гарчи зўравонлик ҳаракатлари фақат бир одамга йўналтирилган бўлса ҳам оиланинг бошқа аъзолари ушбу зўравонликдан жабр кўради. Бу уларнинг жабрдийда ҳис этадиган ўша руҳий уқубатларини бошидан ўтказишларида ўз ифодасини топади.
Айниқса отаси онасини хўрлашини кузатаётган болалар оғир изтиобларга дучор бўлади. Уйдаги зўравонлик гувоҳлари бўлган болаларга ваҳима, оғир руҳий кайфият, мактабда фанларни ўзлаштира олмаслик, ўзига ўзи ёмон баҳо бериш, тунги босинқираш, жисмоний лоҳаслик каби руҳий ёки хулқий муамолларга дуч келиш катта хавфи таҳдид солади.
Тазйиқ ва зўравонликни турлари – руҳий, иқтисодий, шаҳвоний, жисмоний кўринишларда бўлиб, бундай ҳаракатларни содир этган шахслар, тазйиқ ва зўравонлик оқибатида келтириб чиқарган оқибатларга қараб, маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликка тортиладилар.
Мутахассисларнинг кузатувига асосан, тазйиқ ва зўравонликнинг аксарият қисми оилада хотин-қизларга нисбатан бўлаётганлиги инобатга олиниб, 2019 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги 561-сонли Қонуни қабул қилинган. Ушбу Қонунга мувофиқ, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилиниши кафолатланган.
Ушбу қонуннинг 4-моддасида, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг қатор ҳуқуқлари мавжудлиги кўрсатилган. Хусусан,
— ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги ёки уларни
содир этиш таҳдиди тўғрисидаги ариза билан тегишли ваколатли органларга ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш;
— махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали текин ҳуқуқий маслаҳат, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш;
— ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда эса, уларни бу ҳақда хабардор қилиш;
— содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсация қилиниши тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиш.
— Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этганда давлат божи тўлашдан озод қилиниши белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, юқоридаги қонуннинг 24-моддасида, ўн саккиз ёшга тўлмаган, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчилар, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларнинг қонуний вакили ёки васийлик ва ҳомийлик органи уларнинг номидан ҳимоя ордерини бериш ҳамда уни узайтириш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиши мумкинлиги, ўн саккиз ёшга тўлмаган, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчилар ҳимоя ордерини олиш тўғрисидаги ариза билан шахсан мурожаат қилишга ҳақли эканлиги кўрсатилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси махсус қисмининг
— 97-моддаси – Қасддан одам ўлдириш,
— 99-моддаси – Онанинг ўз чақалоғини қасддан ўлдириши,
— 100-моддаси – Зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб, қасддан одам ўлдириш,
— 103-моддаси – Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш,
— 103.1-моддаси – Ўзини ўзи ўлдиришга ундаш,
— 104-моддаси – Қасддан баданга оғир шикаст етказиш,
— 105-моддаси – Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш,
— 106-моддаси – Кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан баданга оғир ёки ўртача оғир шикаст етказиш,
— 109-моддаси – Қасддан баданга енгил шикаст етказиш,
— 110-моддаси – Қийнаш,
— 112-моддаси – Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш,
— 118-моддаси – Номусга тегиш,
— 119-моддаси – Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш,
— 121-моддаси – Аёлни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш,
— 128-моддаси – Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш,
— 129-моддаси – Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш,
— 135-моддаси – Одам савдоси,
— 136-модда – Аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш,
— 137-моддаси – Одам ўғрилаш,
— 148.2-моддаси – Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш жиноятлари тазйиқ ва зўравонлик натижасида содир этилиши мумкин бўлиб, Жиноят кодексида ушбу жиноятлар учун қўлланилиши мумкин бўлган тегишли жазо тури, меъёри ва бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари белгиланган.
Шерзод ЭШМАТОВ,
жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди судьяси