Тайёрланиб борсангиз-у, чипта бўлмаса...
Бу орзу эмас. Балки, рақамли иқтисодиётга ўтиш учун бошланган лойиҳа.
Хизмат сафарига отландингизми? Бунинг учун поезд қулайми? Ҳар доимгидек, вақтингиз тиғиз. Яна вокзалга борсангиз-у, чипта бўлмаса...
Ана шундай вақтда темир йўл вокзалига бориш, навбат кутиб, чипта харид қилиш шарт эмас, интернет орқали расмийлаштириш имкони бор, дейилса нима қилган бўлардингиз? Қолаверса, поездга кираверишда ҳам ортиқча “текшир-текшир”сиз, исм-шарифингизни айтишнинг ўзи кифоя қилса.
Бу орзу эмас. Балки, рақамли иқтисодиётга ўтиш учун бошланган лойиҳа.
– Йўловчи поезд чиптасининг онлайн харидини истаган жойда, истаган вақтда амалга ошириш мумкин, – дейди “Ўзтемирйўлйўловчи” акциядорлик жамияти бўлим бошлиғи Шохрўз Ҳожиев. – Ушбу сервис хизмати “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти поездлари қатнайдиган манзилларнинг ҳаммасига чипта олиш имконини беради. Бунинг учун сайтга кириш кифоя. Android IOS платформаларида ишлайдиган мобил алоқа ускунаси орқали киргач, керакли кун ва манзилни танласангиз бас. Тизим сизга темир йўл поездларини топиб, кўрсатилган йўналиш бўйича тегишли вариантларни таклиф этади. Сиз электрон саҳифадан поезддаги синфларни танлаш имконига эгасиз. Масалан, бизнес ёки эконом тоифасидаги вагон жойларини. Агарда сиз танлаган вақтда чипта бўлмай қолса, онлайн тизим яна ёрдамга келади. Яъни, сиз истаган вақтда қатнайдиган поездлар жадвалининг 60 кунлигини тақдим этади. Поездга электрон равишда чипта олишнинг яна бир афзал томони, истаган вагондан, истаган жойни аввалдан танлаш ҳуқуқига эгасиз. Жой танлангач, йўловчидан тегишли маълумотлар сўралади, шунингдек, катталар ёки кичкинтойлар учун чипта баҳоси айтилади.
Шунингдек, бу чипталар чиптахонага келиб харид қилинган қоғоз чиптадан 5-10 минг сўм арзон. Сабаби, унга сервис хизматлари учун қўшиладиган қиймат қўшилмайди. Онлайн чипта учун барча турдаги банк карточкалари орқали тўловни амалга ошириш мумкин. Онлайн чипта харид қилганлар “электрон рўйхатдан ўтган” ҳисобланади. Агар сафар вақти ўзгарса, унда поезд билетларини қайтариб бериш имконияти ҳам мавжуд. Бунинг учун сайтга ёки уяли телефондаги иловага кириб рад этиш ва пулни тўлов амалга оширилган пластик картага қайтариш мумкин.
Ана шундай қулайликлар асосида ўтган йилнинг сентябрь ойидан шаҳарлараро қатновлар учун чипталар сотилган эди. Жорий йилнинг мартидан эса давлатлараро чипталарни онлайн сотиш бошланди. Кўрсаткичлар кун сайин ошиб бормоқда. Мисол учун, давлатлараро поездларга биринчи март куни 327 йўловчи бу хизматдан фойдаланиб, чипта харид қилган бўлса, иккинчи мартда улар сони 430 га ошди.
Қайд этиш керакки, истаган бир шаҳардан иккинчи шаҳарга бориш ниятида бўлганлар чиптасини 45 кун аввал олгани маъқул. Сабаби, чипта баҳоси 30 фоиз арзонга тушади.
Келгусида босқичма-босқич қоғоз чипталардан воз кечиш режалаштирилмоқда. Уларнинг ўрнини чекка ўхшаган кичик чипталар эгаллайди. Бу эса вақтни тежаш билан бирга, харажатларни камайтиради.