Тавбанома (Долзарб достон)
Тождор вирус кийди, чоғи, тожини, Одамзоддан сўрар Ҳақнинг божини.
Султонмурод ОЛИМ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Тождор вирус кийди, чоғи, тожини,
Одамзоддан сўрар Ҳақнинг божини.
Мисли шамол дунё бўйлаб тез елди,
Етти иқлим элин маҳв этиб келди.
Бу – “Ковид – 19” пандемияси,
Даво топсин энди инсон мияси.
Тарихда мисли йўқ бир чатоқ бўлди,
Илм йилида илмимиз синамоқ бўлди.
Илм билан одам Ойга чиқади,
Фил ёки шерни ҳам, шаксиз, йиқади.
Лек кўзга кўринмас бу вирус даюс
Одамдай даҳони қилди-ку маъюс.
Ҳақ синов юборди инсон бошига,
Ўзини эслатди, чорлаб қошига.
Нечалар оғриди, нечалар ўлди,
Неча хонадонлар ғамларга тўлди.
Чегараларга ҳам қулф солиб олдик,
Четдан келганларни ётоққа солдик.
Бўйинга олайлик гуноҳимиз ҳам:
Худпараст кўпайди, Худопараст – кам.
Ахир, бурчимизни бажармай қўйдик,
Қурбонликка, ҳатто, калламуш сўйдик.
Бир зино жазоси – ўлимдир барҳақ,
Фоҳишанинг кунда ўн зиноси – нақ(д).
Ҳарому ҳаришнинг фарқи қолмади,
Пул топган бу гапни тинга олмади.
Гоҳида эркаклар хотин алдади,
Эрини, ҳаттоки, отин алдади.
Пулни Худо билган кимсалар – қанча,
Ҳалолдан кулади ётиб чалқанча.
Риёкор норизо айлаб мижозин,
Сўнгра ўқир кўз-кўз қилиб намозин.
Оч қолиб, тўқларга тўйлар берамиз,
Исрофга йўл қўйиб, кўкрак керамиз.
“Ё заринг, ё зўринг бўлсин!” – деб очиқ,
Айтишга бошлади неча мунофиқ.
Нефти бор элларни қирди зўравон,
Нефти бор ўлкалар қолмади омон.
Бир араб олими ўзга ғамин ер,
“Ҳеч ердан чиқмасин асло бу нефт!” – дер.
Ёмонлик китобин том-том яратдик,
Одам қирмоқ учун атом яратдик.
Мусулмон боласи зиллатга ботди,
“Аллоҳ!” – деб, уялмай диндошин отди.
Пайдо қилиб динда нечалар фирқа,
Ўғил кийди ота киймаган хирқа.
Халқни миллат ёки элга ажратдик,
Оғага инилар уйин талатдик.
Ишора эмасми Ҳақдан бу бизга,
Тарбия эмасми банда – ожизга?!
Худога нолалар қилар пайт бўлди,
Тўй-ҳашам, маърака фақат сайт бўлди
Заҳарли илон ҳам кирди инига,
Ҳамма қайтди яна асл динига.
Дунё кенглик қилди, кирдик уйларга,
Чек қўйдик дилхушлик, ҳашам, тўйларга.
Тор кўринган эди еру океан,
Билдик, уйимиз ҳам жуда кенг экан.
Жой бўшатди бизга дунёйи кабир,
Ўрин олди, мана, хонайи сағир.
Инсон нима қилмоқ ёки не дерни
Билмас, ўйлаб кўрар, ҳатто, не ерни.
Кўрдим, чол ўтириб даҳма бошида,
Рўбарўй тургандай гўё қошида –
Арабча оятлар ўқиб пешма-пеш,
Қилар форсий-туркий дуо эшма-эш:
“Хожа Баҳоуддин, ту Балогардон,
Биё, балоҳоро худат зуд гардон!” –
“Хожам, Балогардон эдинг”, – деб айтар, –
Кел-у, балоларни ўзинг зуд қайтар!”
Мақтанишга тушдик таҳорат билан,
Таҳорат оламиз маҳорат билан.
Пиллани эсладик бамайлхотир,
Чиллани эсладик бамайлихотир.
Қуръони каримнинг хатмин ўйладик,
“Саҳиҳ Бухорий”дан ҳадис сўйладик.
Мулло бўлди бирдан нодон, доно ҳам,
Эсга тушди бирдан Ибни Сино ҳам.
Тасаввуф аҳлига тутамиз қулоқ:
“Ҳақ билан кўп бўл, – дер, – халқ билан камроқ”.
Боламизнинг синфин сўрадик илк бор,
Устози – ким, билдик, бердик эътибор.
Мана, китоб олдик қўлга ютоқиб,
Эҳтимол, орадан эллик йил оқиб.
Вирус кўламидан ҳушимиз учди,
Обдаста, чилопчин эсга ҳам тушди.
Эсладик, Нуҳ ҳазрат даврида Худо,
Одамзод бошига юборган жазо.
Биз олдин барини афсона билдик,
На ишондик, наки назарга илдик.
Жаҳон урушлари ҳолва, аслида,
Бу – янги жаҳоний ғалва, аслида.
“Глобаллашув”, – деб, кўп бонг урдик биз,
Глобаллашувни энди кўрдик биз.
Одамзод ўйласин, бошлари қотсин,
Қирғин қуролини қўлтиқлаб ётсин!
Ёдингга ол, банда, рўзи маҳшарни,
Маънавият асрар бани башарни!
Йиққан бойлигингга кўп ҳам ишонма,
Бойликка ишониб бўлар замонми?!
Қара, недир ҳоли Американинг,
Бойлиги энг кўпу баланд ҳикканинг?
Тавба, бу оламда тақа-тақ бекик
Тавбадан ташқари жамики эшик.
“Қиёмат – муқаррар”, – дея эслатди,
Эҳтимолки, ундан зарра кўрсатди.
Қилган хатоларнинг ҳаққин тўлаймиз,
Барча гуноҳларни ювишга шаймиз.
Яна пайғамбари Худодан умид,
Набиуллоҳ ичра яктодан умид.
Меърожинг ҳуқуқи, ҳаққига кўра,
Ё Расул, маразнинг дафини сўра.
Ожизмиз биз бору бир Ҳақ олдида,
Бош эгамиз ҳукми мутлақ олдида.
Навоий дер: “Қулоқ тутгин Ўзига,
Сўнг Расулуллоҳу подшоҳ сўзига”.
Ал-қасос ул мин-ал-Ҳақ, билдик,
Олдингда, эй Эгам, тазарру қилдик.
Дардни Ўзинг бердинг, даво айлагин!
Тавба қилдик, радди бало айлагин!
Бани башар сўзин эшит, бор Худо,
Орамиздан асло бўлмасин хато.
Коронавирусни йўқ қилгин: “Омин!”
Илтижом қабул эт, Рабб ил-оламин!
2020.20 – 26.03.