Жорий йилнинг март ойида Татаристон Республикаси Раиси Рустам Минниханов Сурхондарё вилоятида бўлиб, воҳа ҳаёти, иқтисодий-инвестициявий салоҳияти билан яқиндан танишгани ва икки томонлама манфаатли қатор ҳамкорлик шартномалари имзолангани ҳақида хабар берган эдик.
Бу сафар Татаристон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари –саноат ва савдо вазири Олег Коробченко бошчилигидаги делегация аъзолари жанубдаги воҳада вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов бошчилигидаги Сурхондарё делегациясининг Татаристон Республикасига сафари ва Рустам Минниханов раҳбарлигидаги делегациянинг Сурхон воҳасидаги учрашувлари чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш ҳамда келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама этиш учун Термизга келди.

Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Олег Коробченко бошчилигидаги делегацияни Термиз халқаро савдо марказида қабул қилиб, самимий суҳбатлашди. Мулоқотда икки томон ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, аввалги учрашувларда эришилган келишувларни амалга ошириш, янги лойиҳалар устида ишлаш хусусида атрофлича фикр алмашилди. Икки тарафлама тузилган шартнома ва битимларни босқичма-босқич руёбга чиқаришга келишилди.

Шу куни меҳмонлар Термиз халқаро савдо марказида амалга оширилаётган лойиҳалар, яратилаётган шароит ва имкониятларни, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган замонавий электротехника буюмлари ва заргарлик маҳсулотларини кўздан кечирди.
Термиз муҳандислик-технология институтида делегация аъзолари учун вилоятнинг инвестициявий салоҳияти, тоғ-кон саноатидаги имкониятлари, икки томон расмийлари учрашувларида эришилган лойиҳаларни амалга оширишга бағишланган тақдимот ўтказилди.

Қардош халқ делегацияси аъзолари шунингдек, Ангор туманида эртаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш жараёнлари, аҳоли томарқаларида парваришланаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан яқиндан танишди.


Сафар доирасида Татаристон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – саноат ва савдо вазири Олег Коробченко бошчилигидаги делегация аъзолари Ҳаким Термизий мақбарасини зиёрат қилди. Минтақамизда ягона¬Термиз археология музейи ҳам меҳмонларда бой таассурот қолдирди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири