Наманган шаҳридаги Бадиий академия ижодкорлар уюшмасига қарашли бадиий галерея залида 64-Халқаро “Гуллар фестивали” доирасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, академик Бахтиёр Назаровнинг шахсий кўргазмаси очилди.
Тақдимот маросимида қатнашган Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов бу каби маданий-маърифий тадбирлар тарихимизни туб моҳиятини англаб етиш, айниқса, ёшларда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.


Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон кинематографлари уюшмаси аъзоси, ўзининг янги асарлари билан томошабинни ҳайратлантиришдан чарчамаган кўргазмаларнинг фаол иштирокчиси Бахтиёр Назаровнинг навбатдаги Бобур ва Бобурийлар сулоласига доир сара тематик асарлари икки ой мобайнида санъат ихлосмандлари ихтиёрида бўлади. Шундан сўнг ушбу дурдона суратлар Тўрақўрғон туманидаги уч минг йиллик тарихдан сўзловчи Ахсикент ёдгорлиги археология паркида барпо этилаётган муҳташам музейнинг энг нодир экспонатлари орасидан жой олади.


Кўргазма очилишида Бадиий академия академиги, фахрий рассом Турсунали Аҳмадалиев, Тошкент давлат транспорт университети профессори Абдурашид Абдуқаюмов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адиб ва журналист Рустамжон Умматов атоқли мусаввир Бахтиёр Назаров ижодининг ўзига хос қирралари хусусида тўхталиб ўтди. Тадбирга йиғилганлар бадиий галереядан жой олган мўйқалам тасвирларини катта қизиқиш билан томоша қилдилар.


Моҳир рассомнинг кино соҳасидаги тажрибаси унинг тарихий портретлар туркумини бойитди. Тарихий ва адабий материаллар билан ишлаш маҳорати, чексиз фантазияси, ўша даврга хос кийимлар, заргарлик буюмлари ва маданий ёдгорликларни тасвирлашдаги аниқлик унинг асарларида яққол кўзга ташланади.

Қайд этиш жоиз, Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида камолга етган 83 ёшли Бахтиёр Назаров Венгрия, Чехия, Россия Федерацияси, Латвия, Испания, Ҳиндистон, Марокаш, АҚШ, Хитой сингари дунёнинг кўплаб давлатларида ўз асарлари кўргазмаларини ўтказган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.