Таъсирчан жамоатчилик назорати – тараққиёт кафолати
Термиз туманидаги “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси “Оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик назоратини таъминлашдаги роли: очиқлик, холислик ва жамоатчилик фикри” мавзуига бағишланган давра суҳбати ўтказди.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари, давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизмати раҳбарлари иштирок этди.

Давра суҳбатида мамлакатимизда очиқлик, шаффофлик ва холисликни таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар жамиятда кучли жамоат назоратини ўрнатиб, қонун устуворлиги ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоялашга хизмат қилаётгани, бу жараёнда оммавий ахборот воситалари, давлат ва бошқарув органлари ахборот хизматларининг алоҳида ўрни борлиги қайд этилди.

Президентимизнинг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини янада ошириб, ахборот олиш эркинлигини таъминлаш орқали жамоатчилик назоратини такомиллаштиришга хизмат қилаётгани таъкидланди. Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунларининг мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича сўз юритилди. Оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, жамоатчилик назоратини таъминлашда ОАВдан самарали фойдаланиш, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашнинг аҳамияти хусусида фикр алмашди. Медиа маконида ахборотни оммага етказиш услублари, жамоатчилик назоратини кучайтиришда ахборот хизмати ходимлари ва ОАВ нинг ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.


Қизғин баҳс-мунозарага бой бўлган тадбирда ахборот маконида холислик ва ҳаққонийликни таъминлаш, жамоатчилик фикрини шакллантиришда ОАВнинг таъсирини мустаҳкамлаш, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, соҳани янада ривожлантириш орқали жамоатчилик назоратини кучайтириб, давлат органлари ва жамият ўртасида очиқ мулоқотни таъминлаш юзасидан таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири