Ўзбекистон ва Туркманистон қўшма таълим дастурларини ташкил этади
Ўзбекистоннинг Туркманистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Равшанбек Алимов Туркманистон таълим вазири Жумамурат Гурбангелдиев билан учрашди.
Мулоқот давомида икки қардош мамлакат ўртасидаги таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболи муҳокама қилинди.
Мезбон томон таълим соҳасида эришилган ютуқлар, жумладан, рақамли ва инновация технологиясини жорий этиш, таълим инфратузилмасини такомиллаштириш ва миллий олийгоҳларнинг халқаро нуфузини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Икки қардош давлат ўртасида таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини фаоллаштириш, қўшма таълим дастурлари ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар ректорлар форумлари ва ёш олимлар конференциялари уюштириш, стартап-инкубаторлар ташкил этиш, талабалар, ёш мутахассислар иштирокида хакатонлар ўтказиш, рақамли таълим платформаларига ўзаро кириш имконини яратиш ташаббусларини қўллаб-қувватладилар.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ҳамда Туркманистон қишлоқ хўжалиги университети ўртасидаги ёзги ўқув амалиёти доирасида талабалар алмашинуви ташкил этилгани муҳим воқеа сифатида баҳоланди.
Шунингдек, учрашувда мактаб ўқувчилари ва талабаларнинг халқаро олимпиадаларда иштирокини рағбатлантириш масаласига тўхталиб ўтилди. Вакилларимизнинг 2025 йил апрель ойида Ашхободда ўтказилган Халқаро математика олимпиадасидаги муваффақиятли иштироки мамнуният билан эътироф этилди.
Ўзбекистон таълим ва фан муассасалари ходимлари октябрь ойида Ашхободда ўтказиладиган таълим соҳасига бағишланган халқаро кўргазма ва илмий анжуманда иштирок этишга таклиф қилинди.
Элчимиз ўз навбатида Туркманистонда Ўзбекистон университетлари кўргазмасини ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.
Учрашув икки қардош элнинг азалий дўстлиги, яхши қўшничилиги ва стратегик шериклиги бугунги кунда қўшма таълим лойиҳалари орқали янги мазмун билан бойиб бораётганини яна бир бор тасдиқлади.
Ўзбекистоннинг Кореядаги элчихонаси фахрий маслаҳатчиси тайинланди
Корея Республикаси халқаро маданий алмашинув жамғармаси президенти Пак Чан Шик Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси маданият ишлари бўйича фахрий маслаҳатчиси этиб тайинланди.
Мазкур лавозим эгаси маданиятимизни ушбу ҳамкор давлатда кенг тарғиб қилиш, жумладан 2025 йил – Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги “Маданий алмашинув йили”ни юқори даражада ўтказиш учун масъул ҳисобланади.
Пак Чан Шикнинг касбий тажрибаси ва салоҳияти ўзаро алоқаларни янги босқичга олиб чиқиши, икки халқ ўртасидаги маданий алмашинув, ўзаро англашув ва дўстликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирилди.
Янги маслаҳатчи ўз навбатида ушбу масъулиятли вазифа учун миннатдорлик билдираркан, режалаштирилган тадбирларни элчихона билан бирга самарали ташкил этиш ҳамда қатор муҳим янги маданий ва илмий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга бор кучи, салоҳиятини сафарбар этишини айтди.
Тадбир якунида биргаликда янги маданий тадбирлар режаси ва дастурларини ишлаб чиқиш ва юқори даражада ташкил этишга келишиб олинди.
Ўзбекистон – Покистон қўшма Савдо-саноат палатаси тузилади
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раҳбарияти ва юртимиз тадбиркорларидан иборат делегациянинг Покистонга амалий сафари давомида қатор тадбирлар ўтказилди.
Мамлакатимизнинг ушбу давлатдаги элчихонаси ташаббуси билан Равалпинди ва Исломобод савдо-саноат палаталари вакиллари иштирокида Ўзбекистон – Покистон бизнес форумлари ўтказилди. Икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни янада чуқурлаштиришга ҳисса қўшадиган мазкур анжуманлар янги қўшма лойиҳаларга замин яратиши шубҳасиз.
Равалпинди Савдо-саноат палатасида ўтказилган бизнес-форумда қишлоқ хўжалиги, терини қайта ишлаш, фармацевтика, туризм, қурилиш, логистика ва савдо соҳаларида фаолият юритувчи покистонлик тадбиркор иштирок этди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон-Покистон қўшма Савдо-саноат палатасини тузиш ва йил охиригача соҳавий делегациялар алмашинувини йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилди.
Исломобод Савдо-саноат палатасида бўлиб ўтган бизнес-форумда сўзга чиққан палата раиси Носир Қурайший икки давлат ишбилармонлари ўртасида доимий мулоқотни йўлга қўйиш, импорт ўрнини босувчи ҳамда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўналишида ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини қайд этди.
В2В шаклидаги учрашувларда тўқимачилик, фармацевтика, тери ва жунни қайта ишлаш соҳаларида қўшма лойиҳалар бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Шу йилнинг ўзида Исломобод Савдо-саноат палатаси аъзоларидан иборат делегациянинг Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё, Сирдарё ва Бухоро вилоятларига бизнес-миссияларини уюштиришга ҳам аҳдлашиб олинди.
Карачи шаҳрида Ўзбекистон-Покистон бизнес-форуми бўлиб ўтди
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва мамлакатимиз ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегациянинг Покистонга амалий сафари доирасида Карачи шаҳрида Ўзбекистон-Покистон бизнес-форуми ўтказилди.
Тадбирда икки томоннинг кимё, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, тери ва жунни қайта ишлаш, фармацевтика, қурилиш маҳсулотлари каби бир қатор соҳаларида фаолият юритувчи етакчи бизнес вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев мамлакатда инвесторлар учун очиқ, замонавий ва қулай муҳит яратилгани, минтақавий ўзаро боғлиқлик ташаббуси доирасидаги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболи хусусида батафсил сўзлаб берди. Шунингдек, савдо ҳажмини кўпайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва стратегик соҳаларда ҳамкорликни кучайтириш, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, энергетика, ахборот технологиялари, рақамлаштириш, фармацевтика, туризм ва логистика соҳаларида улкан салоҳият мавжудлиги қайд этилди.
Покистон Савдони ривожлантириш агентлиги директори Файз Аҳмад ўз навбатида, мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш, биргаликда импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятига тўхталди.
Бизнес-форум доирасида ташкил этилган B2B шаклидаги музокараларда кимё, тўқимачилик, тери ва жунни қайта ишлаш, қурилиш маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги йўналишларида қатор шартномалар имзоланди.
Тадбир якунида икки томонлама музокараларни изчил давом эттириш ва аниқ лойиҳаларни жойида келишиш мақсадида жорий йил август ойида Синд вилояти тадбиркорлари делегациясининг юртитмизга бизнес-миссиясини ташкил этишга келишилди.
Карачи ва Ўзбекистон шаҳарлари ўртасида ҳаво қатнови йўлга қўйилади
Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Карачи шаҳрига ташрифи доирасида Синд вилояти губернатори Комрон Хон Тиссорий билан учрашди.
Суҳбат давомида ўзаро иқтисодий дипломатияни жадаллаштириш, мавжуд салоҳиятни тўлиқ ишга солиш, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, тўқимачилик, фармацевтика, кимё саноати, туризм ва ахборот технологиялари каби соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди.
Комрон Хон Тиссорий томонлар раҳбарлари иштирокида Ҳудудлараро форум ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлади ва бундай платформалар савдо, инвестиция, таълим, туризм каби муҳим йўналишдаги ҳамкорлик жадал ўсишига хизмат қилишини эътироф этди.
– “Uzbekistan Airways” Лаҳор ва Карачига парвоз бошлаганини олқишлаймиз, – деди губернатор. – Савдо-иқтисодий ва товар айирбошлаш йўналишларида миқдор ва сифатни ошириш борасидаги вазифаларни амалга ошириш учун Карачи ва Ўзбекистон шаҳарлари ўртасида ҳам тўғридан тўғри авиақатнов йўлга қўйиш муҳим.
Синд вилояти билан Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, тадбиркорлар ўртасида яқин алоқани йўлга қўйиш мақсадида ушбу вилоят губернатори бошчилигидаги делегациянинг диёримизга бизнес-миссиясини ташкил қилиш бўйича келишувга эришилди.
Венгрияда сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид қўлёзмалар нусхаси Тошкентда намойиш этилади
элчиси Ойбек Шаҳавдинов Ференц Сечен номидаги Венгрия Миллий кутубхонаси директори Давид Рожа билан учрашди.
Музокара чоғида Ўзбекистон тарихи, маданияти ва илмий меросига оид қўлёзмаларни ўрганиш, асраб-авайлаш ва оммалаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар қўшма кўргазмалар ташкил этиш, Ўзбекистон ва туркий дунёга оид нодир архив ва қўлёзма материаллар рақамли нусхасини алмашиш, қўшма илмий лойиҳалар амалга ошириш, жумладан, ноёб манбалар факсимилесини яратиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, каталоглар тайёрлаш, қўшма нашрлар ва илмий тадбирлар, жумладан, халқаро анжуманлар, давра суҳбатлари ва тақдимотлар ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.
Венгрия томони 2025 йил августдан 2026 йил февралгача юртимизда ўтиши режалаштирилган “Ўзбекистон маданий мероси – бутун инсоният мероси” халқаро кўргазмаси очилиш маросимида иштирок этишга тайёрлигини тасдиқлади. Кўргазмада Венгрия Миллий кутубхонасида сақланаётган Ўзбекистон ва туркий халқларга оид қўлёзмалар нусхаси ҳам намойиш қилинади.
Музокара якунида Венгрия Миллий кутубхонаси негизида қўлёзма меросини тиклаш, сақлаш ва рақамлаштириш бўйича Ўзбекистон мутахассислари учун қисқа муддатли малака ошириш курслари ташкил этишга келишилди.
Россияда Ўзбекистон маҳсулотлари доимий омбори ташкил этилади
Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги бош консули Аслам Акбаров Красноярск ўлкасига ташрифи давомида Марказий Сибирь Савдо-саноат палатаси иттифоқи президенти Рафаэль Шагеев билан музокара ўтказди.
Мулоқот чоғи Красноярск ўлкаси ва Ўзбекистон ҳудудлари савдо-иқтисодий ҳамкорлигига оид асосий йўналишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Рафаэль Шагеев Ўзбекистондан тўқимачилик саноати учун асбоб-ускуна ва материал олиб кириш бўйича Красноярск корхоналари таклифини билдирди. Унинг айтишича, РФ томони бутун ўлка бўйлаб талаб юқори бўлган ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари импортини оширишдан манфаатдор.
Шунингдек, мезбонлар Красноярскда чакана ва улгуржи савдога йўналтирилган доимий Ўзбекистон маҳсулотлари кўргазма зали ва ўзбек маҳсулотлари доимий омборини ташкил этиш таклифи билан чиқди.
Ўзбекистон билан тоғ-кон, рангли металлургия, кимё ва ёғочни қайта ишлаш саноатида шерикликка алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида Красноярск тадбиркорларининг мамлакатимизга бизнес-миссиясини ташкил этиш ва икки мамлакат ҳудудлари тадбиркорлари бизнес-форумини уюштириш қарори маъқулланди.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА