Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти йил сайин ортиб бормоқда. Айниқса, кейинги йилларда узум етиштириш ва уни экспорт қилиш соҳасида сезиларли ўсиш кузатилмоқда.
Маҳсулотнинг табиий таъми, экспортбоп навларнинг кўпайиши ҳамда халқаро стандартларга мос етиштириш усулларининг жорий этилиши экспорт ҳажмининг ортишига сабаб бўлмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь-август ойларида Ўзбекистон 19 та хорижий давлатга жами 86,2 минг тонна янги узилган узум экспорт қилган.
Бу кўрсаткичнинг қиймати 78,3 миллион долларни ташкил этган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 64 фоизга кўп.
Энг йирик бозорлар қаторида Россия (63,4 минг тонна), Қозоғистон (15,2 минг тонна) ва Қирғизистон (4,5 минг тонна) бор. Шунингдек, Беларусь, Украина ва бир қатор бошқа мамлакатларга ҳам маълум ҳажмда узум етказиб берилган.
Қишлоқ хўжалигида замонавий суғориш технологиялари ва илмий асосланган агротизимларнинг жорий этилиши ҳосилдорликни оширмоқда.
Шу билан бирга, мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш инфратузилмаси ривожланиб, маҳсулот сифатини узоқ муддат сақлаб туриш имкони яратилган.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА