Бухоро вилоятидаги “GAYRAT-CHODAK” давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 24 январдаги “Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилган. Фабрикада жинси матосидан тайёр маҳсулотлар яъни жинси шим, болалар ва аёллар учун кийим-кечаклар ишлаб чиқарилади.
Корхонада 1 минг 100 дан зиёд янги иш ўринлари яратилди. Ҳозирги кунда 350 та ишчи ишлаб келмоқда ва вакант ўринлар тўлдириляпти. Уларга энг камида 2 миллион сўм ойлик маош бериб келинмоқда. 2022 йил ўтган даврида фақат иш ҳақи учун 700 миллион сўм маблағ сарфланди. 265 миллион сўмлик солиқ ва бюджетга тўловлар тўланди.
Лойиҳани амалга ошириш учун жами 10,3 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестициялар ўзлаштирилди. Натижада 22 йилдан буён ишламай келган, Бухоро шаҳрида ташландиқ бўлиб қолган собиқ И.Фозилов трикотаж фабрикаси пардозлаш бўлими ҳудудида замонавий ишлаб чиқариш объекти пайдо бўлди.
[gallery-8248]
Мазкур йирик тўқимачилик мажмуаси 4 қаватдан иборат бўлиб, умумий майдони 3,7 гектарни эгаллаган. Бу ерда мавжуд бўлган эски бино тубдан қайта реконструкция қилинди. Корхонага Халқ банки вилоят филиали томонидан 5,4 миллион доллар кредит ажратилган. Ишлаб чиқариш фабрикаси Хитойнинг “Taizhou original essence trading co.LTD” ва “Seize Industrial (Shanghai) Co.LTD” дунё тўқимачилик саноатида етакчи бўлган компанияларида тайёрланган энг замонавий технологик линиялар, асбоб-ускуна ва дастгоҳлар билан жиҳозланган. Йиллик қуввати 3 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга эга.
– Яшаш манзилимга яқин жойга ишга қабул қилиндим, – дейди ишчилардан бири Маърифат Рамазонова. – Аввал уйда ишсиз эдим, эндиликда мени ҳам иш жойим бор. Хурсандчилигимнинг чеки йўқ. Чунки мен ҳам оиламнинг даромадига ўз ҳиссамни қўшаман.
Ҳозирги кунда жамият томонидан тайёр маҳсулотлар экспортини йўлга қўйиш мақсадида Россия, Қозоғистон ва Грузия давлатлари билан шартнома тузиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА