Тошкентда давом этаётган “Тошкент ҳуқуқ баҳори” (“Tashkent Law Spring”) халқаро юридик форуми доирасида рақамли давлат бошқаруви ва давлат хизматлари трансформацияси мавзусида сессия бўлиб ўтди.
Давлат хизматлари соҳасидаги глобал тенденциялар ва Ўзбекистондаги ислоҳотлар учун янги нуқтаи назарни шакллантиришга қаратилган сессияда жаҳоннинг 10 дан ортиқ давлатидан рақамли ислоҳотлар ва ҳуқуқий трансформация соҳасининг таниқли мутахассислари иштирок этди.
Эстония, Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Озарбайжон, Қозоғистон, Молдова, Австралия, Венгрия каби мамлакатлардан келган спикерлар ўз давлатларидаги амалий ечимлар, тизимли ёндашувлар ва инновацион платформаларни тақдим этди.
Сессия доирасида давлат хизматларини рақамлаш масаласи кенг муҳокама қилинди. Спикерлар рақамли технологияларни жорий этиш орқали давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги мулоқот қандай соддалашганини, вақт ва ресурслар қандай тежалаётганини амалий мисоллар билан ёритиб берди. Энг аввало, фуқароларга кундалик ҳаётда зарур бўлган хизматларни электрон тарзда олиш имконияти, шу жумладан, мобил иловалар ва ягона порталлар орқали хизматларни тақдим этиш тажрибалари эътибор марказида бўлди.
Сунъий интеллектни давлат бошқаруви ва хизматларига жорий этиш масаласи эса сессиянинг яна бир марказий нуқтаси бўлди. Спикерлар бу технология ёрдамида мурожаатларни саралаш, шахсий эҳтиёжларга кўра тавсиялар бериш, хатоларни камайтириш, фуқаролар билан автоматлаштирилган мулоқотни йўлга қўйиш имкониятлари ҳақида гапирди.

Проактив давлат хизматлари – яъни фуқаро мурожаат қилмасдан аввал унинг эҳтиёжига мос хизматни автоматик равишда таклиф қилиш концепцияси ҳам қизғин муҳокама этилди. Мазкур ёндашувнинг самарали намуналаридан бири – бола туғилганида автоматик равишда туғилганлик ҳақида гувоҳнома, нафақа ва бошқа хизматлар пакетини шакллантириш тажрибаси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, киберхавфсизлик ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Давлат фуқаролар ҳақида тўплаётган маълумотларнинг махфийлиги ва улардан фақат белгиланган мақсадда фойдаланилиши, сунъий интеллект қарорларининг шаффофлиги ва назорат қилинажак ҳуқуқий механизмлар кўриб чиқилди.
Рақамли идентификация ва биометрик аутентификация – бугунги кунда давлат хизматларининг асосий элементига айлангани қайд этилди. Биометрик ечимларнинг қонуний асослари, халқаро стандартларга мувофиқлиги ва улар орқали хизмат олиш жараёнидаги қулайликлар ҳақида тўхталиб ўтилди.
Ўзбекистонлик етакчи мутахассислар – Олимжон Умаров, Элдор Маҳкамов, Анвар Нарзуллаев ва Абдуқаҳҳор Ташмуҳамедов рақамли давлатни шакллантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, қонунчилик базасини модернизация қилиш, сунъий интеллект ва автоматлаштириш орқали давлат хизматлари сифатини ошириш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби долзарб йўналишлар юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди.
Ўзбекистоннинг рақамли трансформацияси нафақат технологик, балки инсон ҳуқуқлари, ижтимоий тенглик ва ҳуқуқий кафолатларга асослангани, мамлакатимиздаги жараёнлар халқаро тажриба билан ҳамоҳанг эканини кўрсатиб берилди.
Халқаро экспертлар Ўзбекистондаги проактив давлат хизматлари тажрибасига қизиқиш билдириб, уни чуқурроқ ўрганиш имкониятларини муҳокама қилди. Шу билан бирга, форум иштирокчилари турли давлатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда қонунчиликни такомиллаштириш ва рақамли ислоҳотларни чуқурлаштириш борасида таклифлар билдирилди.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА