“Ташаббусли бюджет”да 30 йиллик муаммо ечим топди
Фарғона вилоятида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси асосида амалга оширилаётган ишлар натижасида ҳудудлардаги кўплаб муаммолар ўз ечимини топмоқда. Фуқаролар эса бу жараёнда ўз фаоллигини кўрсатиб, таклифлари қўллаб-қувватланаётганидан мамнун бўлмоқда.
Ёзёвон туманидаги “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғини “Очиқ бюджет” ахборот порталида “Менинг йўлим” лойиҳаси доирасида умумий узунлиги 2,5 километр ички йўлларни асфальтлаш учун овоз тўплаш жараёнида ғолиб бўлди. Бу мақсадлар учун 1,19 миллиард сўм маблағ ажратилди. Айни кунда йўлсозлар томонидан маҳалладаги йўлларни шағаллаштириш, асфальтлаш билан боғлиқ амалий ишлар олиб борилмоқда.

– Маҳалламиздаги ички йўллар 30 йилдан буён ёзда чанг, қишда лой бўлиб турфа қийинчиликлар келиб чиқишига сабаб бўларди, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мансуржон Иномов. – Президентимизнинг бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қарорлари айни муддао бўлди. Кўчаларимизни асфальтлаш борасида билдирган таклифимиз ғолиб бўлиб, бу борадаги муаммоларимиз барҳам топди.


Йўл қуриш ва унинг ободлигини таъминлаш савобли иш. Шу боис жойларда ички йўлларни таъмирлаш бўйича мавжуд муаммолар айнан фуқароларнинг талаб ва таклифлари асосида ҳал этилаётгани йўлларни сифатли ва равон, манзилларнинг яқин бўлишига хизмат қилмоқда. Жорий йилнинг шу кунига қадар Қобилжон Ҳамидов раҳбарлигидаги “Глобалмаҳсулот” масъулияти чекланган жамияти йўлсозлари саъй-ҳаракати билан Қўштепа, Тошлоқ, Фурқат туманларида “Очиқ бюджет” порталида ғолиб деб топилган таклифлар асосида 5 километрдан ортиқ ички йўллар белгиланган муддатларда қуриб битказилди.
М.Сулаймонов,
ЎзА