“Ташаббусли бюджет”: жамоатчилик назорати муҳим масала
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда 2021 йилдан буён ўтказилиб келинаётган “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси жараёнлари, мазкур лойиҳанинг жамиятимиздаги мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, фуқароларнинг жамият ҳаётида фаол иштироки ва дахлдорлик ҳиссини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этаётганлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб берди. Яъни ушбу лойиҳа орқали кўп йиллардан буён ҳал бўлмаётган, одамларни қийнаб келаётган қатор муаммо ва масалалар ўз ечимини топмоқда.
“Ташаббусли бюджет” жараёнларини қонуний жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йил 13 апрелда “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2023 йил 10 апрелда “Ташаббусли бюджетлаштириш амалиётини янада такомиллаштириш ҳамда фаол маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари имзоланган.
Ана шу қарорлар ижросини таъминлаш, “Ташаббусли бюджет” жараёнларини оммалаштириш, лойиҳа имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш мақсадида Андижон вилоятида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, вилоятда 2023 йил 1-мавсум “Ташаббусли бюджет” дастурлари доирасида "Очиқ бюджет" ахборот порталида ўтказилган “Ташаббусли бюджет” жараёнига 3 минг 153 та таклиф келиб тушган. Шундан
2 минг 190 таси саралашдан кейинги босқичга ўтказилган. Ана шу лойиҳалар учун овоз бериш жараёнида 1 миллион 282 минг нафар фуқаро иштирок этди. Овоз бериш натижалари орқали 227,9 миллиард сўмлик 215 та лойиҳа ғолиб деб топилган.
[gallery-18383]
Шунингдек, 2023 йил 2-мавсум “Ташаббусли бюджет” дастурлари доирасида "Очиқ бюджет" ахборот порталида ўтказилган “Ташаббусли бюджет” жараёнида 2 минг 839 та таклиф келиб тушиб, шундан 2 минг 320 таси саралашдан кейинги босқичга ўтказилган. Овоз бериш жараёнида 1 миллион 651 минг нафар фуқаро иштирок этиб, умумий қиймати 100,1 миллиард сўм бўлган 83 та лойиҳа ғолиб деб топилган.
Таъкидлаш керакки, “Ташаббусли бюджет” жараёнлари кенг жамоатчилик вакиллари, хусусан, турли жамоат ташкилотлари томонидан кузатиб, назорат қилиниб бораётганлиги эса жараённинг халқчил ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
“Юксалиш” ҳаракати Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан 2023 йилда “Ташаббусли бюджет”да ғолиб деб топилган лойиҳаларнинг молиялаштирилиши, белгиланган ишларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши ҳамда бу борада аҳолининг фикри доимий равишда ўрганиб борилмоқда.
Ҳудудий бўлинма томонидан ўрганишлар жараёнида вилоятда 2023 йилнинг 1- ва 2- мавсумида ғолиб бўлган ташаббусларни амалга ошириш борасида Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ҳамда Халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашларининг тегишли қарорлари асосида манзилли рўйхатлар шакллантирилиб, буюртмачилар белгиланди.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, 2023 йилнинг 1- ва 2- мавсумида ғолиб деб топилган 298 та лойиҳа доирасида белгиланган тартибда ҳисоб рақамлари очилиб, 328,7 миллиард сўм маблағлар тегишли жамғармаларга ўтказиб берилган, лойиҳаларни амалга ошириш учун лойиҳа-смета ҳужжатлари тўлиқ ишлаб чиқилиб, пудратчи ташкилотлар билан шартномалар тузилган.
Жорий йилнинг 25 июнидан 5 июлига қадар вилоятда ўтказилган жамоатчилик мониторинги тадбирларида лойиҳа доирасидаги 36 та, жумладан, Асака, Олтинкўл ва Жалақудуқ туманларида 6 тадан, Андижон, Шаҳрихон туманларида 5 тадан, Марҳамат, Булоқбоши туманларида 4 тадан объектлар бевосита ўрганилди.
Ўрганилган объектлар соҳалар кесимида кўриб чиқиладиган бўлса, халқ таълими тизими 17 та, йўл инфратузилмаси бўйича 10 та, соғлиқни сақлаш йўналишида 8 та, электр таъминоти тизимида 1 та объектда олиб борилган ишлар кўриб чиқилди.
Фуқаролар фикри таҳлил этилганида, умуман, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси кенг жамоатчилик томонидан ижобий баҳоланган. Хусусан, фуқаролар ўзлари тўлаётган солиқларини ўзлари хоҳлагандек ишлатишда бевосита иштирок этаётганликлари, фарзандлари ва маҳалладошлари ҳаётини янада қулай ва яхшироқ қилишга эришаётганликларидан мамнун эканлигини билдиришган.
– Жорий этилган “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси аҳолининг ташаббусларини ҳисобга олган ҳолда бюджет маблағларининг маълум бир қисмини сарфлаш бўйича уларнинг бевосита иштирокида қарорлар қабул қилиш ҳамда ана шу қарорларнинг амалга оширилишини кузатиш амалиётини шакллантирди, – дейди “Юксалиш” ҳаракати Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Диёрбек Турғунов. – Ушбу амалиёт аҳолига жойлардаги муаммоларни бюджет маблағларидан фойдаланган ҳолда зудлик билан ҳал этиш имконини яратди.
Лойиҳалар бажарилишини ўрганиш бўйича ўтказилган мониторинг тадбирлари давомида аниқланган камчиликлар юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, мутасаддилар ҳамда масъул идоралар раҳбарларига тақдим этилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари