Йўллар равон ва текис бўлса, кўзланган манзилга бехавотир, кўнгил хотиржам ҳолда етиб борамиз. Чунки йўлларнинг равон бўлиши пиёдалар учун ҳам, ҳайдовчилар учун қулайлик яратади.
Соҳа вакилларининг таъкидлашича, фуқаролар томонидан тегишли ташкилотларга йўлланаётган мурожаатларнинг аксарияти ҳам айнан йўллар билан боғлиқ муаммолардир. Бу, ўз навбатида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар кўламини янада кенгайтиришни талаб этмоқда.
Мамлакатимиздаги мавжуд йўлларнинг қарийб 142 минг километри ички хўжалик йўлларидир. Сўнгги тўрт йилда ички йўлларни қуриш ва таъмирлашга 15 триллион сўм ажратилган. Тўғри, бугунги кунда аксарият маҳаллалар, чекка қишлоқларда ҳам кўчалар равон бўлиб, бу аҳоли фаровонлигига хизмат қилмоқда. Лекин афсуски, йўлларни сақлашга масъул тизим йўқ. Автомобиль йўллари қўмитаси давлат ва халқаро аҳамиятдаги йўл ва кўприклар билан шуғулланади. Ички йўл ва кўприклар эса маҳаллий ҳокимликлар ихтиёрида. Ўрганишлардан маълум бўлишича, ҳозирги кунда 43 минг километр ички йўллар таъмирталаб ҳолатда, 2 минг 354 та кўприкнинг “эгаси” аниқ эмас.
Таҳлилларга кўра, йўлларни сақлашга йўналтирилган маблағ таъмирлаш харажатини бир неча баробар қисқартиради. Агар ўз вақтида пул ажратилиб, ички йўллар тўғри эксплуатация қилинса, уларни таъмирлаш муддатлари ҳам камида 2 баробар узаяди.
Йўл ишларига ажратилаётган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида белгиланган тартибга асосан, жорий йил 1 январдан бошлаб, автомобиль йўлларида бажариладиган иш турлари қуриш ва реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда сақлашдан иборат бўлди.
АОКАда ташкил этилган брифингда Автомобиль йўллари қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева соҳада амалга оширилган ишлар хусусида маълумот берди.
Қайд этилишича, 2024 йилда аҳолини бюджет жараёнига кенг жалб қилишни янада кучайтириш, бюджет маблағларининг бир қисмини жамоатчилик фикри асосида йўналтириш бўйича амалга оширилаётган ишларни изчил давом эттириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг “Ташаббусли бюджет жараёнларини ўтказиш ҳамда молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Мазкур қарорга асосан жорий йил “Ташаббусли бюджет” дастурининг биринчи мавсуми доирасида фуқаролар томонидан берилган овоз натижаларига кўра, жами 2 минг 770 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, шундан ички йўлларни таъмирлаш билан боғлиқ лойиҳалар 912 тани ташкил этади. 174 та туман ва шаҳарда жойлашган 799 та маҳаллада таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Дастур доирасида республика ҳудудида 2 433,2 км узунликдаги шаҳар ва қишлоқ ички йўлларида 1 триллион 148 миллиард сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилади.
Бугунги кунда барча объектларда ишлар бошланиб, 2 407,2 км узунликдаги ички йўлларда 1 триллион 112,6 миллиард сўмлик (режага нисбатан 97%) таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 864 та объектда ишлар якунланди ҳамда 963,5 миллиард сўм маблағ молиялаштириб берилди. Шунингдек, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларининг 2-мавсуми доирасида “Очиқ бюджет” ахборот порталида жамоатчилик фикри асосида жами 27 минг 474 та лойиҳа шакллантирилди ва ушбу шакллантирилган лойиҳалардан 23 минг 318 таси саралашдан ўтиб, овоз беришга қўйилди. Фуқаролар томонидан берилган овоз натижаларига кўра, жами 1 минг 950 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, шундан 165 та туман ва шаҳарларда жойлашган ички йўлларни таъмирлаш билан боғлиқ лойиҳалар 773 тани ташкил этди.
Бундан ташқари, айнан йўллар сифати учун жами 1 минг 344 миллиард сўм маблағ ажратилиб, шундан 374,3 миллиард сўми автомобиль йўллари ва кўприкларни таъмирлаш ишларига йўналтирилиши белгиланган. Шунга кўра, ажратилган 374,3 миллиард сўм маблағ ҳисобига дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 264 та объектда 757,1 км автомобиль йўллари ва 30 дона (679,6 пм) кўприклар таъмирланиши режалаштирилиб, бугунги кунда объектларнинг барчасида қурилиш-монтаж ишлари бошланган. 860,8 км (режага нисбатан 114 фоиз, шундан 595,1 км асфальт, 265,7 км шағал) йўллар таъмирланди ва 13 дона (276,6 пм) кўприк фойдаланишга топширилди.
Жорий йилда фойдаланишга топширилиши белгиланган барча йўллар ва 17 дона кўприкни таъмирлаш ишлари 15 октябрга қадар якунланади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА