“Ташаббусли бюджет” – муаммоларнинг оқилона ечими
Президентимиз ташаббуси билан маҳаллалардаги инфратузилма учун маблағ фақатгина “Ташаббусли бюджет” орқали аҳоли овоз берган лойиҳаларга ажратилиши белгиланди. Бунда “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари учун маблағлар 3,5 бараварга оширилиб, 8 триллион сўмга етказилмоқда. Муҳими, “Ташаббусли бюджет” – мамлакатимизда ёш авлод камоли йўлида олиб борилаётган янгиланиш ҳамда ислоҳотларга ҳамоҳанг лойиҳа эканлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Айнан “Ташаббусли бюджет” туфайли Бухоро вилояти Когон туманида ҳам умумтаълим даргоҳлари моддий-техник имкониятлари яхшиланмоқда.
–Аниқроқ айтганда, 2022 йил янги ўқув йили олдидан “Ташаббусли бюджет” лойиҳасидан 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағни қўлга киритган таълим муассасаларида қурилиш–таъмирлаш ишлари олиб борилиб, мактаблардаги қатор нуқсон ва камчиликлар бартараф қилинди, – дейди Когон тумани Халқ таълими бўлими бошлиғи Зафар Қобилов. – Жумладан, мазкур сармоя ҳисобидан ҳудуддаги 21-сонли Ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби синфхоналари 4 та электрон доска билан таъминланган ва санитария тармоғи таъмирланган бўлса, 16-сонли умумтаълим мактабига ёритиш тизими учун чироқлар, янги замонавий эшик ва дераза ромлари олиб ўрнатилган. Худди шундай, 9-сонли умумтаълим мактабининг таъмирталаб пол қисми, эшик ва дераза ромлари янгисига алмаштирилиб, 1- ва 2-сонли умумтаълим мактабининг том қисмига шифер қопланган.

Шу қаторда, ҳозирда 3 мингдан ортиқ ўқувчини ўз бағрига олган мазкур таълим муассасаларини қишки мавсумда иситиш тармоғида таъмирлаш ишлари олиб борилгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Айни кунда тизимдаги эътибор қаратилиши зарур бўлган таълим даргоҳларидаги қурилиш-таъмирлаш ва моддий-техник таъминотга доир ўрганишлар мунтазам олиб борилиб, ҳар бир таълим даргоҳи манзилли равишда “Ташаббусли бюджет” га ўз таклиф ва лойиҳаларини тақдим этиш арафасида. Албатта, бунда тармоқдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан лойиҳани илгари суриб, керакли овоз тўплаш ва ғолиб бўлиш мақсад қилинган.

Маълумот учун, Президентимиз раислигида 2022 йил 11 октябрь куни маҳаллаларда тизимли муаммоларни ҳал қилиш бўйича бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси истиқболига алоҳида ишонч билдирилган. Бу борадаги таклиф ва ташаббусни янада кенгайтириш ва оммалаштириш зарурлиги таъкидлангани ҳолда ҳар бири 2 мингдан ортиқ аҳоли овозини тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган 364 та лойиҳа учун қўшимча 335 миллиард сўм ажратишга кўрсатма берилган. Шунингдек, мазкур видеоселектор йиғилишида 200 дан ортиқ аҳоли қўллаб-қувватлаган маҳалла шифокорлик пунктлари, оилавий поликлиникаларни жиҳозлашга 2023 йилда қўшимча 200 миллиард сўм ажратилиши айтилди. Бу орқали 195 та лойиҳа доирасида 600 та маҳалла аҳолиси қамраб олинади.
Таъкидланганидек, 2023 йилдан вилоят бюджетлари қўшимча маблағларининг 30 фоизи ҳам “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларига берилмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА