Наманган вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Дилмурод Аҳмедовнинг “Адлия – ёшлар орасида” акцияси доирасида ёш авлод вакиллари билан ўтказган учрашувда Наманган давлат университети юридик факультети ҳамда Наманган вилояти юридик техникуми битирувчилари иштирок этди.
Даставвал, тадбир қатнашчилари бошқарма бошлиғи томонидан сайёр тартибда қабул қилиниб, уларнинг муаммолари тингланди. Қабул давомида келгусида ишга кириш истагида бўлганларга тавсиялар берилди. Шундан сўнг, 100 нафардан зиёд талаба иштирокида раҳбар билан мулоқот бўлиб ўтди. Унда адлия бошқармаси ҳамда унинг тизимидаги асосий йўналишлар ҳақида масъул мутасаддилар томонидан тақдимотлар ўтказилиб, зарур тушунчалар берилди.
Ёшлар томонидан таклифлар илгари сурилгани ва саволлар билан мурожаат этилгани учрашувни янада очиқ шаклда ўтишига, асосийси улар адлия идоралари фаолиятига бефарқ эмаслигига ёрқин далил бўлди. Қолаверса, ёшлар учун спорт мусобақаларини айнан адлия органлари томонидан уюштирилиши, махсус стипендиялар жорий этилиши, ёш кадрлар масаласида фикр-мулоҳазалар, ташаббуслар тингланди.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда Наманган вилояти адлия бошқармаси ҳамда унинг тизимидаги муассасаларда юздан зиёд йигит-қиз фаолият юритмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.