Ташаббус: Чўл бағрида узумзор барпо этилмоқда
Учқудуқ тумани Навоий вилоятининг олис чўл туманларидан бири бўлиб, вилоят марказидан 330 километр узоқликда жойлашган.
Бошқа ҳудудларда ерга ниҳол қадасангиз бари бехато униб-ўсиши мумкин, аммо Учқудуқда ўнтадан биттаси кўкариб кетса ҳам катта гап. Излаган имкон топади, деганларидек, бугунги кунда чўл шароитида Учқудуқда узумзор барпо этилмоқда. Бунга кўпчилик ишонмаслиги мумкин, бироқ туман ҳокими Соли Ҳамроев ташаббуси билан “Дўстлик” маҳалласи ҳудудида узумзор барпо этишга киришилган.

Ўтган йил эрта баҳорда атрофи темир панжаралар билан ўралган бир гектар майдонга 300 туп узум ниҳоллари экилган эди. Уларнинг 202 донаси кўкариб, кўкка бўй чўзмоқда. Куни-кеча яна 110 та турли хил навдаги узум кўчатлари қадалди.

– Шаҳар ташқарисидаги иссиқхонадан 40 машина тупроқ келтирилиб, экин майдонининг 2 метр юзаси алмаштирилди. Ловия, ошқовоқ экилиб, ҳосили болалар боғчаларига берилди. Галдаги муҳим вазифа экилган узум кўчатларини яхшилаб парваришлаш. Агар шу қишдан омон чиқса, эрта баҳорда узумларимиз ҳосилга киради, – дейди “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулноз Маҳаматова.
А.Бўриев, ЎзА