Қашқадарё вилояти маркази Қарши шаҳридан Тошкент шаҳрига олиб борадиган А378 автомобил йўли бўйлаб юрганда Кўкдала тумани ҳудудидан ўтсангиз йўл ёқасида тарвуз сотиб турган сотувчиларга кўзингиз тушади.
Шу йўлдан ўтаётиб, биз ҳам қизиқиб тўхтадик. Нархи анчагина баланд. Маҳаллий шароитда сақланган тарвузларнинг аллақачон таъми қочиб, сифати бузилган бўлса керак, сўраймиз сотувчидан. Сотувчи бўш келмайди: “Ака сифатига гап йўқ, кеча палагидан узилгандай турибди”. Ҳайратимиз янада ошди. Қиммат бўлсада, кичикроғини сотиб олдик, лекин шу ерда кесиб кўриш шарти билан. Сотувчи йигит журналистлигимизни билгач, нархини ҳам арзонроқ қилиб берди ва ҳеч иккиланмасдан тарвузни кесди. Ажабо, ҳақиқатда кеча палакдан узилгандай.
Йигитнинг айтишича, бу тарвузлар ўтган йили кеч кузда узиб олинган.
– Қандай қилиб шунча муддат сифатли сақлаш мумкин? Бунинг сири нимада, сўраймиз ажабланиб.
– Сири оддий, ертўлада сақлаймиз. Минг айтганим билан тушунмайсизлар. Яхшиси, юринг олиб бориб кўрсатаман.
Ўзини Жамшид, дея таништирган сотувчи йигит тарвузларини шеригига қолдириб, машинасини қишлоққа бурди. Биз ҳам изидан юрдик.
Ушбу манзил Кўкдала тумани Шўрқудуқ МФЙга қарашли Галабек қишлоғи экан.
Баланд-паст сойликларда жойлашган қишлоқда уй-жойлар тарқоқ жойлашган. Бири битта тепада бўлса, бошқаси кейинги тепаликда. Қишлоқ тугаб, унқур-чўнқир дала йўллари бошланди. Кенг қир-адирлар ям-яшил тусга кирган. Қўй-қўзилар афсонавий Сусамбил ўлкасига келиб қолгандай ўтлаб юрибди. Улоқчалар шодон сакрайди. Қўзичоқлар сурувни айланиб югуради. Она совлиқдан узоқлашиб кетганини пайқаб қолиб, кескин ортга қайтади. Онасининг бағрига уриб эмади...
Ҳамроҳимизнинг ортидан юрар эканмиз, тепаликлар бағрида тўртбурчак қилиб, ғорсимон кавланган ертўлаларга кўзимиз тушди. Ҳар бир тепаликнинг олдидан ўтар эканмиз шундай иншоотлар бор.
Ниҳоят биттасининг олдига келиб тўхтадик. Мана шу ертўла бизники, дея, йўл бошлади Жамшид.
Эшиклари махсус панжара билан тўсилган. Қулф очилиб, ичкарига кирдик. Баландиги икки метрлар чамаси, эни 3 метрлик ер ости ғори. Қизиғи бирорта устун йўқ. Ёйсимон қилиб кавланган ушбу ертўла анчагина узун. Тўрига яқинлашгач териб қўйилган тарвузларга кўзимиз тушди. Ҳарорати мўътадил. Совуқ ҳам эмас, иссиқ ҳам. Илгари ҳеч кўрмаганим учунми, ертўла менга жуда ғаройиб туюлди. Сотувчи йигитни суҳбатга чорладик.
– Ҳудудимиз асосан лалми ерлар бўлгани учун тарвузларни лалми усулда етиштирамиз, – дейди Жамшид Яхшибоев. – Кузда тарвуз экиладиган майдонларни чуқур ағдариб қўямиз. Қишда ва баҳорда ёққан ёмғир, қор билан роса тўйинади. Май ойларининг охирида шу жойга тарвуз экамиз. Кеч кузда узиб олиб мана шу ертўлаларга жойлаштирамиз. Ертўлага келсак, қўл кучи билан қазилади. Энини 3 метр, баландлиги 2-2,5 метргача бўлади. Узунлигини 40-50 метргача олиб бориш мумкин. Бошланишига уч бурчак шаклда қазилади. Чунки у пайтда ерда намлик юқори бўлади. Бир неча кун қуритилгач ёйсимон қилиб, тарошлаб чиқилади. Ертўланинг тўрлари, ер сатҳидан 25-30 метр пастликда жойлашган. Шу боис ёзда совуқ қишда илиқ бўлади. Қисқа қилиб айтганда табиий “совутгич”. Узоқ сақлашга мўлжалланган ҳар қандай қишлоқ хўжалик маҳсулотини сақлаш мумкин.
Қаҳрамонимизнинг таъкидлашича, қишлоқда бу каби ертўлалардан 50 тача бор. Асосан деҳқончилик билан шуғулланувчилар мана шундай ертўлалардан фойдаланади. Бозорга ҳам овора бўлишмайди, шундай қишлоқ бошидан ўтган йўл ёқасига олиб чиқишади, йўловчиларга сотишади. Бундай тарвузлар асосан январь ойининг охирларидан бошлаб сотилади. Энг муҳими бу каби ертўлаларда сақланган тарвузлар янги тарвуз чиққунча ҳам сифатини йўқотмайди. Буни галабеклик деҳқонлар кашф этган.
[gallery-10998]
– Лалми ерлар бўлгани учун қадимда ота-боболаримиз мана шундай ертўлалардан уй-жой сифатида фойдаланишган экан, – дейди шу қишлоқлик Сайдулло Авлақулов. – Кейинчалик аҳолининг яшаш тарзи ривожланиб, ташқаридан уй-жой қуриш бошланиб кетгач омбор сифатида фойдаланила бошлашган. Мен ҳам ҳар йили 10-15 гектар лалми ерда тарвуз етиштираман. 3 та мана шундай ертўлам бор. Маҳсулотларни шуларда сақлаймиз. Ҳамма жойда тарвуз тугагач сотишни бошлаймиз. Даромади ёмон эмас, шукур. Бу ота-боболаримизнинг авлодларга қолдирган деҳқончиликдаги бой мероси. Буни доим қадрлаймиз.
Дарҳақиқат, аждодларимиз нақадар илмли бўлганини шу ертўла мисолида ҳам англаш мумкин. Ҳеч бир устунсиз, ер остида катта-катта хоналар қазишган. Физик қонун қоидаларни яхши англаган улар. Муҳими табиатга ҳеч бир зарар етказилмайди. Шу қишлоқлик деҳқонларнинг таъкидлашича, юз йилгача ҳам ўз хусусиятини йўқотмаган ертўлалар бор экан қишлоқда.
Қишлоқдан қайтар эканмиз, йўл ёқасида эртачи тарвуз экаётган деҳқонларга кўзимиз тушди. Бироз тўхтаб улар билан суҳбатлашдик. Тарвуз кўчатлари икки-уч қулоқ бўлиб қолган. Демак ертўладаги тарвузлар кейинги мавсумга ҳам улашади.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА