“Тармоқ – корхона – олийгоҳ” занжири асосида дуал таълим йўлга қўйилмоқда
Навоий давлат университети ректори Муҳиддин Калонов “Zarashon Golden Group” компанияси таъсисчиси, тадбиркор Улуғбек Файзиев билан учрашди.
Учрашувда малакали кадрлар тайёрлаш, талабаларнинг амалиёт жараёнларини ташкил этиш, “тармоқ – корхона – олийгоҳ” занжирини яратиш, дуал таълим тизимини самарали амалга ошириш ҳамда ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш борасида ҳамкорлик қилиш масалалари ҳақида сўз юритилди.
Давлатимиз раҳбари раислигида 2024 йилнинг 20 июнь куни муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам дуал таълим тизимига ўтиш тўғрисида сўз юритилган эди. Юртбошимиз йиғилишда барча олий таълим муассасалари “Тармоқ – корхона – олийгоҳ” занжири асосида дуал таълимни йўлга қўйишини таъкидлаган эди.

– Дуал таълим тизими талабаларнинг назарий билимларини ишлаб чиқариш корхоналарида мустаҳкамлаб, амалий кўникмалар ҳосил қилишида муҳим аҳамият касб этади, – дейди университет ректори М.Калонов. – Бу ёндашув нафақат ёш авлоднинг профессионал малакасини ошириш, балки уларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ҳам таъминлайди.
Учрашувда “тармоқ – корхона – олийгоҳ” занжири асосида амалий ишларни бошлаш, талабаларни захира кадрлар сифатида тайёрлаб, келгусида корхонага ишга жойлаштириш, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларида мавжуд муаммоларга университет билан биргаликда илмий ёндашув асосида ечимлар топиш, дуал таълим тизими бўйича биргаликда ишлаш юзасидан келишиб олинди.
А.Бўриев ЎзА мухбири