Тармоқлараро саноат кооперацияси ривожланмоқда
“Ўзэкспомарказ”да IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси давом этмоқда.
“Ўзэкспомарказ”да IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси давом этмоқда.Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг иккинчи кунида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзпахтасаноат” уюшмаси, “Ўзқурилишматериаллари”, “Ўзавтосаноат”,“Ўзэлтехсаноат”, “Ўзмонтажмахсусқурилиш” акциядорлик компаниялари, “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси тизимидаги корхоналар, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари корхоналарининг тақдимотлари бўлиб ўтди.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар миллий саноатимиз салоҳиятининг изчил юксалишига, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши ва чакана савдо айланмасининг ошишига хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда йўл ва транспорт-коммуникация соҳаларида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу юртимизнинг жаҳон бозорига фаол интеграциялашуви ва ҳудудлар инфратузилмаси ривожида алоҳида ўрин тутмоқда. Автомобиль йўлларини қуриш, таъмирлаш ва уларни жаҳон андозаларига мослаштириш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида сўнгги йилларда қарийб 2 минг километр автомобиль йўли, хусусан, Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирувчи 1,5 минг километрлик йўл барпо этилгани тармоқдаги ишлар кўламидан далолат беради.
Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 6 мартдаги “2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Қарорга асосан Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирадиган автомобиль йўллари қисмлари ва умумий фойдаланишдаги йўлларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш, йўл ташкилотларининг моддий-техник базасини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, 2015-2019 йилларда қарийб 3 минг километр узунликдаги йўлларда қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилади. Шу билан бирга, 4 минг километрдан зиёд хўжаликлараро йўллар, қарийб 2 минг километр шаҳар, қишлоқ ва туман кўчалари таъмирланиши, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш ва сақлашни таъминлайдиган мингга яқин жиҳоз ва йўл-қурилиш техникасини харид қилиш назарда тутилган.
– Компаниямиз томонидан умумий фойдаланишдаги 42 минг километрдан зиёд автомобиль йўлларига хизмат кўрсатилмоқда, – дейди “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси бош мутахассиси Алишер Давронов. – Жаҳон талабларига жавоб берадиган йўллар қуриш ва таъмирлаш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Инвестиция дастурларига асосан жорий йилда 376,1 километр узунликдаги автомобиль йўлларини қуриш ва тўлиқ таъмирлаш кўзда тутилган. Ўтган давр мобайнида 116,7 километрлик йўллар янгидан қурилди ва реконструкция қилинди, 34,9 километр йўл мукаммал таъмирланди, 670 километр йўл жорий таъмирдан чиқарилди. Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси тармоқ корхоналари ва бошқа соҳаларда фаолият юритувчи субъектлар вакиллари билан мулоқотлар ўтказиб, ўзаро манфаатли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, бизнес шартномалари тузиш учун катта имкониятдир. Ўтган йилги ярмаркада компаниямиз тизимидаги корхоналар томонидан 103 миллиард 400 миллион сўмлик шартномалар имзолаган эдик. Бу галги анжуманда 115 миллиард сўмлик шартномалар тузишни режалаштирганмиз.
Иқтисодиётимиз ва унинг етакчи тармоқлари, жумладан, электротехника саноати жадал суръатларда ривожланиб бормоқда. Президентимизнинг шу йил 4 мартдаги 2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармони электротехника саноатини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Ҳужжатга мувофиқ соҳада умумий қиймати 268,5 миллион долларлик 39 инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилаётир.
– Корхонамиз электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишга ихтисослашган Ўрта Осиёдаги ягона ва энг йирик саноат муассасасидир, – дейди “O'zelectroapparat Electroshield” қўшма корхонасининг тижорат ишлари бўйича директори Шерзод Шукуров. – Улар орасида ўрта ва юқори вольтли комплект мосламалар, очиқ конлар учун юқори вольтли ускуналар, қувурларни катодли ҳимоя қилиш технологиялари, конденсатор қурилмалари, электр аппаратлари ва электромонтаж маҳсулотлари, дазмол ва розеткалар каби халқ истеъмол товарлари бор. Корхонамизда, шунингдек, металлдан офис ва тиббиёт муассасалари учун турли ҳажм ва рангдаги мебель жиҳозлари тайёрланади. Маҳсулотларимиз юқори сифати, халқаро талабларга жавоб бериши ва рақобатдошлиги билан ажралиб туради. Улар Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон, Мўғулистон каби қатор мамлакатларга экспорт қилинмоқда. Қулай сармоявий муҳит, солиқ ва божхона имтиёзлари корхонамизда ишлаб чиқариш ҳажмини муттасил оширишда муҳим омил бўлмоқда. Асосий мақсадимиз ана шу қулай имкониятлардан унумли фойдаланиб, халқаро талабларга тўла жавоб берадиган маҳсулотларимиз экспортини янада оширишдан иборат. Ўтган йилги кооперацион биржада 210 миллиард сўмлик 102 шартнома имзолаган эдик. Жорий йилда ушбу кўрсаткични янада ошириш ниятидамиз.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, тадбиркорларнинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш, уларга замонавий, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва уни экспортга чиқаришда зарур ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий ёрдам кўрсатиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.
– Атлас, адрас, беқасам матоларидан миллий либослар ва аксессуарлар тикамиз, – дейди қашқадарёлик якка тартибдаги тадбиркор Умида Фозилова. – Бугунги кунда миллий ҳунармандлик турларини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли матоларимиздан тикилган либослар халқаро миқёсда кенг оммалашмоқда. Хусусан, ўтган йилги Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида Хитой, Ҳиндистон, Россия каби мамлакатлар фирма ва компаниялари билан ўнлаб экспорт шартномалари имзоладик. Жорий йилда экспорт жўғрофиясини янада кенгайтириш ниятидамиз.
Иқтисодиётимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар хорижий сармоядорлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш учун пухта замин яратмоқда. Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида кўплаб мамлакатлардан фирма ва компаниялар вакиллари иштирок этиб, мамлакатимиз ишбилармонлари билан ҳамкорлик юзасидан музокаралар олиб бормоқда.
– Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси юксак савияда ташкил этилган, – дейди Ҳиндистоннинг “Shrinivas Dalls” компанияси вакили Сант Кумар. – Анжуманда ҳар бир иштирокчига ўзини қизиқтирган тармоқ ҳақида тўла маълумот олиш, ҳамкорлик юзасидан музокара ўтказиш, битим ва шартномалар тузиш учун барча қулайлик яратилган. Юртингизда хорижий сармоядорлар билан ҳамкорликда бизнес юритиш учун қулай сармоявий муҳит, зарур шароит ва имтиёзлар мавжуд. Шу боис Ўзбекистонда саноатнинг кўплаб соҳаларида фаолият юритувчи корхоналар билан шериклик алоқаларини ўрнатиш ва мустаҳкамлаш тарафдоримиз.
Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида самарали мулоқотлар ўтказилиб, шартномалар имзоланмоқда.