Ватанимиз тарихидаги 6 май санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1440 йил (бундан 585 йил олдин) – темурийлар саройида хизмат қилган олтмиш беш ёшли тарихчи Фасиҳ Аҳмад Хавофий темурийзода Шоҳрухнинг хотини, малика Гавҳаршод бегимнинг ғазабига учраб, қисқа муддатли қамоққа ҳукм қилинди. Манбаларда кекса тарихчининг қайси ҳаракати темурий маликанинг ғазабини келтиргани ҳақида маълумотлар учрамайди.
1442 йил (бундан 583 йил олдин) – тарихчи Фасиҳ Аҳмад Хавофий Темурийлар ҳукмдори Шоҳрухнинг қабулида бўлишга эришди. Айни шу учрашувда Фасиҳ Хавофий Шоҳрухга ўзининг “Мужмали Фасиҳий” (“Фасиҳ тўплами”) китобини такдим этди. Мазкур асар дебоча, муқаддима, 2 мақола ва хотимадан иборат. Асарнинг асосий қисмида Фасиҳ Хавофий араб халифалари, саффорийлар, сомонийлар, ғазнавийлар, салжуқийлар, ғурийлар, хоразмшоҳлар тўғрисида маълумот бергач, темурийлар тарихига батафсил тўхталган.
Асарда, шунингдек, шоирлар, фақиҳлар, муҳаддислар, шайхлар, шунингдек, иқтисодий ва маданий ҳаёт, ўша пайтда қурилган меъморий обидалар ҳақида муфассал маълумот берилган. Асар хотимаси Ҳирот шаҳрига бағишланган. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, мазкур асар тарихчи олима, академик Дилором Юсупова томонидан форс тилидан ўзбек тилига таржима қилиниб, 2018 йилда нашр этилди.
1529 йил (бундан 496 йил олдин) – Гагра дарёси бўйида Бобур қўшини билан ҳиндистонлик афғон қўшинлари ўртасида тарихий тўқнашув бўлди. Мазкур Гагра жанги Бобур шахсан ўзи иштирок этган охирги уруш ҳисобланади. Иброҳим Лўдийнинг укаси Маҳмуд Лўдий Панипат жангидан cўнг Биҳарда йирик қўшин тўплашга муваффақ бўлган ва Бобурга тегишли Чунор қалъасини қамал қилган. Унга қарши Аскарий бошлиқ қўшин жўнатилган. Сўнгра Бобурнинг шахсан ўзи Маҳмуд Лўдийга қарши отланиб, Аллоҳобод, Чунор ва Банорасни бўйсундирган, сўнг рақибни таъқиб қилиб, Гагра дарёси бўйида жангга киришган. Ғалабага эришган Бобур Бенгал қўлтиғигача бўлган ҳудудни ўз давлати тасарруфига киритган. Гагра жангида Бобур янги катта ўлчамли тўпларни ишга солган.
1903 йил (бундан 122 йил олдин) – рус подшоси Николай II Бухородаги “Россия императорлигининг сиёсий агентлиги” ваколатхонаси ҳуқуқларини кенгайтирди. Мустамлакачилик сиёсатини амалга оширишга хизмат қилган бу муассасага барча сиёсий-иқтисодий, ҳарбий масалалар юзасидан Бухоро амири ҳукумати билан муносабатда бўлиш, амир ва унинг вазирлари устидан назорат ўрнатиш, Зарафшон дарёсининг сув тақсимоти билан шуғулланиш, Бухоро-Афғонистон чегараларини кузатиб туриш, Бухородаги рус қароргоҳларида газеталар ва театр пьесалари устидан назорат ўрнатиш ҳуқуқлари берилди.
1907 йили (бундан 118 йил олдин) – Қўқон шаҳрида Туркистон ўлкасида биринчилардан бўлиб фаолият юритган кредит ширкати ташкил қилинди. Ушбу кредит ширкатининг устав лойиҳаси, ссуда-омонат ширкатларининг умумий фаолият юритиш тартиби бўйича тузилди. Кредит ширкатларнинг уставида кўрсатилишича, улар ўз зиммаларига ширкат аъзоларига хўжалик ишларини яхшилаш ва қўшимча асбоб ускуналар сотиб олиш учун ссудалар бериб, аҳволини енгиллаштиришда воситачилик вазифасини олишлари керак эди. Ссуда-омонат ширкатларининг мақсади ҳам шундан иборат бўлиб, фақат қўшимча равишда даромад фоизини йиғиб олиш имконини берарди.
1914 йил (бундан 111 йил олдин) – Қўқон савдогарларидан Тожиддинбой хонадонида ташкил этилган янги усул мактабида имтиҳон мажлиси бўлиб, унга Қўқоннинг машҳур уламоларидан Камолиддин қози ҳам таклиф этилди. Шу даврдаги тўй ва маросимларнинг дабдабабозлигига тақлидан имтиҳон мажлисларига ҳам катта сарф-ҳаражатлар қилиш одат тусига кирмоқда эди.
Тарихчи Тоҳиржон Қозоқовнинг қайд этишича, бунга Камолиддин қози ўз эътирозини билдирган: “Мин баъд имтиҳон мажлисларини имкони борича соддалашдирулсун, ҳеч кимга тўн ва бошқа нарса берилмасун. Агар бул тўғрига ёки усули жадидга эътироз этгувчи бўлса, шариатга мувофиқ жазосини берурман...”, – деб шариатда қораланган исрофгарчиликларни қаттиқ танқид қилади. Унинг бу фикрларини жадидлар ўз газеталари саҳифаларида босиб чиқарганлар.
1919 йил (бундан 106 йил олдин) – Туркистон Республикаси Марказий Ижроия Қўмитаси “Туркистон Фавқулодда комиссияси тўғрисида” янги низом қабул қилди. Низомга асосан, фавқулодда комиссиялар фаолияти марказлаштирилди. Хусусан, Тошкентда фавқулодда комиссиянинг марказий идораси Туркистон Фавқулодда комиссияси ташкил топди ва у қуйи идораларни назорат қилиб борди.
1934 йил (бундан 91 йил олдин) – Марғилон шаҳар 166-участка Халқ судяси трактор бригадасининг бригадир-механиги Зокир Исматовни ерни шудгор қилиш режасини бажармаганлиги ва ёқилғини ортиқча сарфлагани учун беш йил озодликдан маҳрум этди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда қатағон авжига чиққан 1936–1939 йилларда шўро вакиллари фуқароларни ҳибсга олиш ва қамаш учун ҳар хил айбларни ўйлаб топар эдилар: кунлик нормани бажармади, режа ва мажбуриятни уддалай олмади, пахтани ифлос қилди, ишга чиқмади ва ҳоказо.
1982 йил (бундан 93 йил олдин) – Фарғона водийсининг Чимён шаҳарчаси атрофида зилзила рўй берди. Аввалига портлашга ўхшаш товуш эшитилган ва бир зумда ер қаттиқ силкиниб, ҳамма жойда чанг-тўзон кўтарилган. Тоғларда ўпирилиш, кўчки ва тош кўчиш жараёнлари бошланган.
1991 йил (бундан 34 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент давлат техника университети, Тошкент кимё-технология институти ва Тошкент архитектура-қурилиш институтини ташкил қилиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси ва Таиланд Қироллиги ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилди.
1993 йил (бундан 32 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
1995 йил (бундан 30 йил олдин) – “Ўзбекистон Республикасининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида” Қонун қабул қилинди. Бу ҳужжатда янги ўзбек алифбоси 26 та ҳарф, 3 та ҳарф бирикмасидан иборат эканлиги; с, ɉ ҳарфлари мустақил ҳарфий белги сифатида 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган алифбодан чиқарилганлиги; Ō ō ҳарфи O‘ o‘ шаклида, Ḡ ḡ ҳарфи G‘ g‘ шаклида, Ş ş ѕарфи Sh sh шаклида, Ç ς ҳарфи Ch ch шаклида, N̅ n̅ ҳарфи Ng ng шаклида ифодаланиши кўрсатилган.
1995 йил (бундан 30 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Бельгия Қироллиги, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия қўшма қироллиги, Хитой Халқ Республикасида Ўзбекистон Республикаси элчихонасини очиш тўғрисида қарорлари қабул қилинди.
1999 йил (бундан 26 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент ислом университети фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2006 йил (бундан 19 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмол кредити тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалиги фидойиси» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Сифатли таълимни таъминлашда ижобий натижалар кўрсатаётган умумий ўрта таълим мактаблари раҳбарияти ҳамда ўқитувчиларига устама бериш тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА