Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директори Азамат Зиё ва Туркиянинг Памукқалъа университети ректори Аҳмед Қутлуғхон ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Фанлар академияси ахборот хизматига кўра, учрашув давомида икки томон ўртасида илмий алоқаларни йўлга қўйиш ва кучайтириш, қўшма илмий лойиҳалар тайёрлаш ва амалга ошириш, ўзбек-турк халқлари тарихини ўрганиш, биргаликда илмий йиғинлар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, бугунги кунда мамлакатимизда тарих фани олдидаги вазифалардан келиб чиқиб, уларнинг ечимларидан бири сифатида кадрлар тайёрлаш масаласи эканлигига урғу берилди.
Бунда икки томонлама мутахассислар ва ёшлар алмашинуви дастурини амалга ошириш долзарб эканлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, ёш тарихчи олимлар ўқишлари муддати ва мавзулар кўламини кенгайтириш, институт ёшларининг тил билиш даражасини яхшилаш мақсадида туркиялик мутахассисларни жалб этишга келишилди.
Учрашув сўнгида Тарих институти ва Туркиянинг Памукқалъа университети ўртасида келишув битими имзоланди.
ЎзА